Ишга қабул қилиш

Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарорига 
1-ИЛОВА

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ички ишлар органлари ходимлари (кейинги ўринларда — ходимлар) ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари курсант (тингловчи)ларининг хизмат ўташ тартибини белгилайди.

2. Ички ишлар органларидаги хизмат (кейинги ўринларда — хизмат) давлат хизматининг тури бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини бўйича вазифаларни амалга оширишдан иборат.

3. Хизматни ўташ қуйидаги тартибларни ўз ичига олади:
хизматга қабул қилиш; 
махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум этиш;
лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва ротация;
ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
ходимнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотларига сайланганида (тайинланганида, сафарбар этилганида) хизмат ўташи;
аттестация ўтказиш;
таътиллар бериш;
ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
хизмат ўташ режимини таъминлаш;
хизмат муддатларини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг хизмат ўташи, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

2-боб. Ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш

4. Хизматга муносиб номзодларни танлаб олиш мақсадида таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, мудофаа ишлари бўйича бошқарма (бўлим)ларида, аҳоли турар жойларида, ташкилот ва муассасаларда мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади, оммавий ахборот воситаларида қабул ва бўш лавозимлар тўғрисида эълонлар жойлаштирилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида очиқ эшиклар куни ўтказилади.

5. Хизматга 165 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар ва 160 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар қабул қилинади.
Номзодларга махсус биометрик параметрлар ўрнатиладиган бўлинмалар ва лавозимлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

6. Хизматга танлов асосида, ихтиёрий тартибда ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшдаги ҳам, тегишли маълумотга эга, шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларидаги кундузги таълимга ўқишга, ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма беш ёшдаги ҳам, ўрта, ўрта-махсус ёки касб-ҳунар маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълимга ўқишга, ёши қирқ ёшдан катта бўлмаган, шу жумладан қирқ ёшдаги ҳам, ички ишлар органларида камида уч йиллик амалий иш стажига, ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга бўлган ходимлар қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетига ҳарбий хизмат ўтаган (эркаклар учун) ва тегишли ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга, ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшдаги ҳам, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари қабул қилинади.
Зарур бўлган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган рўйхати бўйича ички ишлар органларининг айрим бўлинмалари ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта бўлган фуқаролар қабул қилиниши мумкин. 
Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчилар учун ушбу талаб ўрнатилмайди.
Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғига асосан бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар, шунингдек, ички ишлар органларининг катта амалий иш тажрибасига эга пенсионерлари, ушбу банднинг биринчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида белгиланган талабларини инобатга олмаган ҳолда хизматга қабул қилиниши мумкин.

7. Хизматга (кейинги ўринларда — номзод) ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган шахс доимий прописка жойи бўйича ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
хизматга ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза;
паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);
туғилганлик ҳақида гувоҳномаси нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);
ФҲДЁ органларидан маълумотнома (туғилганлик ҳақида гувоҳномага ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки алмаштирилган ҳолларда); 
қариндошларининг (ота-она, эр-хотин, фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари) паспорт нусхалари, никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги, ногиронлик (агар мавжуд бўлса), қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда); 
3 х 4 см ўлчамдаги олтита рангли фотосурат (бош кийимсиз), шунингдек 9 х 12 см ўлчамдаги иккита фотосурат (бош кийимсиз);
номзоднинг таржимаи ҳоли;
анкета-маълумотнома;
ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (оила аъзолари кўрсатилган ҳолда);
ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);
асли кўрсатилган ҳолда ҳарбий гувоҳнома нусхаси (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга топшираётганда ҳарбий гувоҳнома мавжуд бўлмаса, чақирув участкасида қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳнома тақдим этилади);
прописка жойи бўйича белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома (бўй параметри кўрсатилган ҳолда);
асли кўрсатилган ҳолда меҳнат дафтарчасининг нусхаси (агарда мавжуд бўлса).
Хизмат ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида номзоддан ёки тегишли муассасадан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари ички ишлар органи ваколатли бошлиғи номига ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолда белгиланган тартибда билдирги билан мурожаат этадилар.

9. Хизматга қабул қилиш номзоднинг доимий прописка жойи бўйича ички ишлар органлари томонидан дастлабки ва якуний танловлар асосида амалга оширилади. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун ички ишлар органларида қабул комиссиялари тузилади.
Танловлар номзоднинг хоҳишига кўра давлат, қорақалпоқ ёки рус тилларида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ва олий таълим муассасаларига, шунингдек Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига хизматга, истисно тариқасида, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар орасидан ҳам номзодларни танлаш ва қабул қилишга рухсат берилади.

10. Дастлабки танлов тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
дастлабки суҳбат;
психологик тест;
умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш.
Дастлабки танлов тадбирлари уларнинг турларидан келиб чиқиб, тегишли мутахассислар томонидан ўтказилади.
Дастлабки танлов, дастлабки суҳбат, психологик тест ва умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг умумлаштирилган натижаларига кўра якунланади.

11. Дастлабки танловлардан муваффақиятли ўтган номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини расмийлаштириш ички ишлар органларининг кадрлар бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Номзоднинг тегишли ҳужжатларини йиғиш жараёнида унга бир пайтнинг ўзида хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссиясига йўлланма берилади.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, ички ишлар органларида хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган, шунингдек, содир этган жинояти учун муқаддам судланган (қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган ва амнистия акти қўлланилгандан қатъи назар) фуқаролар хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.
Хизмат ўташга тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Хизматга кирувчи номзодларга хизмат сири ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган ҳамда ошкор этилиши ман этиладиган махсус талаблар ҳам ўрнатилади. 
Номзоднинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштириш давомида хизматга қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи маълумотлар (хизматга қабул қилиш учун умумий ва махсус талабларга мос келмаслик) аниқланган тақдирда, уни шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштириш тўхтатилиб, хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ваколатли раҳбар томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда номзодга хабар берилади.
Шахсий ҳужжатлар йиғма жилди тўлиқ расмийлаштирилиб, ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилган тақдирдагина, номзод якуний танловга қўйилади.

12. Якуний танлов номзод билан якка тартибдаги суҳбат шаклида ўтказилиб, суҳбат давомида унинг ақлий салоҳияти, хизмат ўташга руҳан тайёрлиги, киришимлилиги, шунингдек ходим учун зарур бўлган бошқа маънавий-ахлоқий ва касбий жиҳатдан муҳим хислатлар баҳоланади.
Якуний суҳбат натижалари кўра номзоднинг хизматга касбий жиҳатдан яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади. 

13. Танловда иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди. Якуний танловда, қоида тариқасида, бир лавозимга камида иккита номзод иштирок этиши лозим.
Хизматга, мавжуд бўш лавозимларни ҳисобга олган ҳолда якуний танлов натижаларига кўра якка тартибдаги суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар қабул қилинади.
Тор ихтисослик бўйича мутахассислар қаторидан бўлган номзодлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган рўйхат ва тартибда танловсиз хизматга қабул қилиниши мумкин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига номзодлар танлови тартиби ва қабул қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетига қабул қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
Ички ишлар органларининг махсус бўлинмаларига танлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
Ички ишлар органлари таҳлилий ва юридик таъминлаш бўлинмаларига биринчи маротаба хизматга қабул қилинаётган номзодлар, истисно тариқасида, дастлабки танлов имтиҳонларидан озод этилади.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг Ҳарбий-техника институти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ёки Ёнғин хавфсизлиги институти кира олмаган битирувчилари, хизматга қабул қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган тартибда устунликка эга бўлади.

16. Дастлабки танлов синовларининг биридан ёки якка тартибдаги якуний суҳбатдан ўта олмаган номзод уларни такроран топширишига қўйилмайди.

17. Якуний танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар, ички ишлар органи қабул комиссиясининг хулосаси асосида, хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқнинг буйруғи билан лавозимга тайинланади.

18. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдларини расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

19. Ички ишлар органларидаги лавозимлар қуйидагича жамланади:
офицерлар таркиби — олий маълумотга эга, айрим мутахассисликлар бўйича эса — ёки Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида ўқишни тамомлаган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан;
сержантлар таркиби — ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетини ёки Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Сержантлар тайёрлаш мактабини тамомлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан;
сафдорлар таркиби — ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг захирасидаги офицерларни ички ишлар органларининг сафдор ва сержантлар таркиби лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди.

20. Ички ишлар органларидаги лавозимларга тайинлаш учун зарур таълим ва мутахассисликларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

21. Хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:
«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), ички ишлар органларидаги хизматга кирар эканман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчимни ва зиммамга юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга ваъда бераман.
Ватанимга ва Ўзбекистон халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан».

22. Хизматга қабул қилишда ходимга хизмат гувоҳномаси ва шахсий рақамли жетон берилади.
Ходимнинг хизмат гувоҳномаси ва жетонининг намуналари, шунингдек уларни бериш ва ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.
Ходимнинг хизмат гувоҳномаси ўқотар қуролни олиб юриш ва сақлаш ҳуқуқини, шунингдек қонунга мувофиқ унга берилган бошқа ҳуқуқ ва ваколатларини тасдиқлайди.

23. Хизматга қабул қилинган ходимга дастлабки синов муддати тайинланади ва унга мураббий бириктирилади.
Дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

24. Қасамёд қабул қилиш, дастлабки синов муддатини ўташ ва мураббийларни бириктириш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

25. Хизматга қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматга мажбур фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг хизматга чақирилувчи ҳисобланган курсантлари, ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус ҳисобида туради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг курсантлари биринчи босқич таълим муддати якунланганидан сўнг, муддатли ҳарбий хизматни ўтган ҳисобланадилар ва уларга таълим муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.

26. Хизматга қабул қилиш ва бўшатиш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида ўқишга қабул қилиш, шунингдек махсус унвонлар бериш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ваколат берилган бошлиқларнинг буйруқлари билан амалга оширилади. 

3-боб. Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум қилиш

27. Махсус унвон ходимнинг хизмат мажбуриятларига муносабати, ўтаган хизмат йиллари ва эгаллаган лавозимини инобатга олган ҳолда якка тартибда берилади.

28. Ходимларга қуйидаги махсус унвонлар берилади:
сафдорлар таркиби — сафдор;
сержантлар таркиби — кичик сержант, сержант, катта сержант;
офицерлар таркиби:
кичик офицерлар таркиби — лейтенант, катта лейтенант, капитан;
катта офицерлар таркиби — майор, подполковник, полковник;
генераллар таркиби — генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.

29. Биринчи ва навбатдаги махсус унвонлар, махсус унвонлар бериш ваколатига эга бошлиқнинг буйруғи билан берилади. 

30. «Сафдор» махсус унвони ички ишлар органлари сафдорлар таркиби лавозимига тайинланган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари ва чет давлатлар таълим муассасаларининг (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан келишув асосида юборилганлар) курсант (тингловчи)лар сафига қабул қилинган шахсларга уларни тайинлаш (қабул қилиш) билан бир вақтда берилади, сержантлар таркибининг махсус унвонига эга ходимлар бундан мустасно.
«Сафдор» махсус унвони хизматга ёки ўқишга қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошлиқлар томонидан берилади.

31. «Кичик сержант» махсус унвони Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи томонидан касбий тайёргарлик факультетини сержантлар таркибини тайёрлаш дастури бўйича муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга берилади.
Сержантлар таркибининг навбатдаги махсус унвонлари лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқларнинг буйруқлари билан берилади.

32. Ички ишлар органлари офицерлар таркиби лавозимларга қабул қилинган номзодларга уларни лавозимга тайинлаш билан бир вақтда «катта сержант» махсус унвони берилади, бу унвонда улар дастлабки синов муддати тугаб, офицерлик унвони берилгунига қадар хизмат олиб борадилар.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасидаги офицерлар ҳисобланувчи ва ички ишлар органлари офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилинган номзодларга мавжуд ҳарбий унвонига тенг даражадаги махсус унвон берилади.

33. Ички ишлар органлари офицерлар таркибининг биринчи махсус унвони «лейтенант» ҳисобланади.
Айрим ҳолларда, илмий даражаси ёхуд фаолиятнинг тор ихтисослик турлари бўйича кўп йиллик стажи ва иш (хизмат) тажрибасига эга бўлган фуқароларга ички ишлар органлари офицерлар таркиби лавозимларига тайинлаш вақтида биринчи унвон сифатида «майор» махсус унвонигача бўлган, шу жумладан майор унвони ҳам, махсус унвонларидан бири берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони, қарори, фармойиши асосида ёки розилиги билан генераллар таркиби лавозимларига хизматга юборилган, махсус, ҳарбий ва бошқа унвони бўлмаган шахсларга белгиланган тартибда «полковник» махсус унвонигача бўлган, шу жумладан полковник унвони ҳам, махсус унвон берилиши мумкин. 
Ички ишлар органлари офицерлар таркибининг биринчи махсус унвони Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан берилади.
«Лейтенант» махсус унвони қуйидагиларга берилади:
ички ишлар органлари офицерлар таркиби лавозимларига қабул қилиниб, синов муддатини муваффақиятли ўтаган шахсларга;
ички ишлар органларининг сафдор ёки сержантлар таркибидан офицерлик лавозимларига тайинланганларга;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси касбий тайёргарлик факультети битирувчиларига;
Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларини кундузги таълим, шунингдек хорижий давлатлар таълим муассасаларининг (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан келишув асосида юборилган) битирувчиларига.

34. Ички ишлар органлари офицерлар таркибининг навбатдаги махсус унвонлари қуйидагилар томонидан берилади: 
«майор» махсус унвонигача — офицерлар таркиби унвонларини бериш ваколатига эга бошлиқлар томонидан, бошлиқлари бундай ваколатга эга бўлмаган таркибий тузилмалар ходимларига эса Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан;
«подполковник» махсус унвони — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи томонидан;
«полковник» махсус унвони — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан;
генераллар таркибининг махсус унвонлари — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан.

35. Махсус унвонда хизмат ўташ муддатлари қуйидагича белгиланади: 
«сафдор» — муддатсиз;
«кичик сержант» — икки йил;
«сержант» — икки йил;
«катта сержант» — муддатсиз;
«лейтенант» — икки йил; 
«катта лейтенант» — икки йил; 
«капитан» — уч йил; 
«майор» — тўрт йил; 
«подполковник» — беш йил.
«Полковник» ва ундан юқори махсус унвонларда хизмат қилиш муддатлари белгиланмайди.

36. Навбатдаги махсус унвонлар белгиланган хизмат муддатини ўтаган ходимларга, улар эгаллаб турган лавозимининг унвон поғонасига мувофиқ берилади.

37. Навбатдаги махсус унвонни четлаб ўтиб, махсус унвонлар берилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида ўқиш ва спорт-маданият соҳасида юқори натижаларга эришган, таълим дастурини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан таълим муассаса бошлиғининг тақдимномаси асосида ички ишлар органлари офицерлар таркибининг биринчи махсус унвонини четлаб, «катта лейтенант» махсус унвони берилиши мумкин.

38. Ходим юқори даражадаги унвон белгиланган лавозимга ўтказилганда, мавжуд унвонида бўлиш муддати ўтган бўлса, лавозимига қачон тайинланганидан қатъи назар, навбатдаги махсус унвон бериш учун тақдим этилади.

39. Махсус унвонда хизмат ўташ муддати календарь ҳисобда махсус унвон бериш ҳақида буйруқ чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади (ушбу Низомнинг 47 ва 48-бандлари талаблари асосида берилган махсус унвонлар бундан мустасно).
Ходимнинг махсус унвони пасайтирилган тақдирда унинг аввалги унвонини қайта тиклангунига қадар ўтаган хизмат даври навбатдаги унвон муддатига қўшилмайди.

40. Хизмат мажбуриятларини намунали даражада бажараётган, жиноятчиликка қарши курашда, илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятда юқори кўрсаткичларга эришган, хизмат бурчини бажаришда қаҳрамонлик, жасорат ва фидойилик кўрсатган ходимларга рағбатлантириш чораси тариқасида ички ишлар органлари офицерлар таркибининг махсус унвонини муддатидан олдин ёки эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон берилиши ҳам мумкин.
Муддатидан олдин навбатдаги махсус унвонлар қуйидагиларга берилади:
ички ишлар органлари генераллар таркиби лавозимларига тайинланган («полковник» унвонидан паст унвонга эга бўлган) ходимларга — мавжуд махсус унвонда қанча муддат хизмат ўтаганидан қатъи назар;
ички ишлар органлари офицерлар таркибидаги лавозимларда хизмат қилаётган ходимларга — мавжуд махсус унвонда хизмат қилиш учун белгиланган муддатнинг камида учдан икки қисми ўтганидан сўнг.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, мавжуд махсус унвонда хизмат ўташ учун қанча муддат белгиланганидан қатъи назар, навбатдаги махсус унвонларни бериш ҳуқуқига эга.
Эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон қуйидагиларга берилади (генераллар таркиби махсус унвонлари бундан мустасно):
илмий даража ёки илмий унвонга эга ички ишлар органлари офицерлар таркиби ходимларига — мавжуд унвонда хизмат ўташ муддати тугаганидан сўнг;
ички ишлар органлари офицерлар таркиби лавозимларидаги ходимларга — мавжуд унвонда хизмат ўташ муддатининг камида бир ярим баравари ўтганидан сўнг. 
Ички ишлар органлари профилактика, тергов, жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлинмалари ходимларига рағбатлантириш чораси тариқасида эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилган махсус унвондан қатъи назар навбатдаги махсус унвон берилиши мумкин:
«подполковник» махсус унвони — тегишлилиги бўйича ички ишлар органлари профилактика, тергов, жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлинмаларида ўн беш календарь йилдан ортиқ узлуксиз иш стажига эга бўлган профилактика инспектори, терговчи (суриштирувчи), тезкор ходим ёки профилактика катта инспектори, катта терговчи (катта суриштирувчи), катта тезкор вакил лавозимидаги ходимларга «майор» махсус унвонида хизмат ўташ муддати тугаганидан сўнг;
«полковник» махсус унвони — тегишлилиги бўйича ички ишлар органлари профилактика, тергов, жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлинмаларида йигирма календарь йилдан ортиқ узлуксиз иш стажига эга бўлган профилактика катта инспектори, катта терговчи (катта суриштирувчи), катта тезкор вакил ёки ўта муҳим ишлар бўйича терговчи, тезкор вакил лавозимидаги ходимларга «подполковник» махсус унвонида хизмат ўташ муддати тугаганидан сўнг.
Бир вақтнинг ўзида муддатидан олдин ҳамда эгаллаган лавозими билан кўзда тутилган бир поғона юқори навбатдаги махсус унвон берилишига йўл қўйилмайди.

41. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат йилини ҳамда навбатдаги махсус унвон учун белгиланган муддатини ўтаган, эгаллаб турган лавозими билан белгиланган унвон поғонаси «капитан» бўлган, ижобий тавсифланадиган офицерлар таркибидаги ходимларга хизматдан бўшатиш билан бир вақтда «майор» махсус унвони берилиши мумкин.

42. Ходимларга навбатдаги махсус унвон берилиши қуйидаги ҳолларда кечиктирилади:
ходим ички ишлар органлари ихтиёрида бўлганда;
ходимда амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлганда;
ходим аттестациядан шартли равишда ўтганида;
ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда;
интизомий жазо тариқасида эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва бошқа лавозимга ўтказилган тақдирда — лавозимидан озод этилган кундан бошлаб, бир йил давомида.

43. Навбатдаги махсус унвонни асоссиз равишда кечиктирилишига йўл қўйган бошлиқлар ва ходимлар белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилади.

44. Ички ишлар органлари офицерлар таркиби ходимларининг махсус унвонларини интизомий жазо тариқасида бир поғона пасайтириш мумкин. Бунда унвон «лейтенант» махсус унвонигача пасайтирилади.
«Подполковник» ва ундан паст махсус унвонларни пасайтириш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан амалга оширилади.
«Полковник» махсус унвони Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда пасайтирилади.
Махсус унвони пасайтирилган ходимнинг аввалги унвони, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан унвонини пасайтиришни тавсия этган бошлиқнинг (ёки унга тенглаштирилган бошлиқнинг) ёхуд юқори лавозимдаги бошлиқнинг тақдимномаси бўйича тикланиши мумкин.
Генераллар таркиби ходимларнинг махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан пасайтирилади ва тикланади.

45. Махсус унвони пасайтирилган ва сўнгра тикланган ходимнинг махсус унвондаги муддати, унвони пасайтирилгунига қадар ўтаган хизмати билан қўшиб ҳисобланади.

46. Суднинг ҳукми асосида махсус унвонлардан маҳрум қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
сафдорлар ва сержантлар таркибининг махсус унвонлари — ушбу унвонларни бериш ваколатига эга бошлиқлар томонидан;
офицерлар таркибининг махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан.
Генераллар таркиби махсус унвонига эга шахслар махсус унвонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан суднинг тегишли тақдимномаси асосида маҳрум қилиниши мумкин.
Суд шахснинг махсус унвонини тиклаш ҳақида қарор қабул қилганида махсус унвондан маҳрум қилган бошлиқ ёки бундай ваколатга эга юқори турувчи раҳбар томонидан тикланади.

47. Назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки махсус унвон ва мартаба даражаси бўлиши назарда тутилган бошқа органлардан хизматга қабул қилинган ёки ўтказилган шахсларнинг махсус унвонлари, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ушбу Низом иловасига мувофиқ берилади.
Ушбу тартиб назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки махсус унвонлар бўлиши назарда тутилган бошқа органлар бўлинмаларига қабул қилинган ёки ўтказилган ходимларга ҳам қўлланилади.

48. Мудофаа органларининг таркибий тузилмалари ва таълим муассасаларидан хизматни давом эттириш учун келган оддий аскар ва сержантлар таркиби ҳарбий хизматчиларига (шартнома асосида хизмат ўтаган) лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ билан бирга уларнинг ҳарбий унвонларига мувофиқ тенглаштирилган махсус унвонлар берилади. 

49. Ушбу Низомнинг 47 ва 48-бандларида белгиланган тартибда навбатдаги махсус унвон берилган ходимларга уларни аввалги иш жойида унвонда хизмат ўтаган даври ҳисобга олинади.

50. Ушбу Низомнинг 33-банди учинчи хатбошиси, 47 ёки 48-бандларига мувофиқ махсус унвонлар берилган (шу жумладан мазкур Низом кучга киргунга қадар хизматга қабул қилинган ёки ўтказилган) ходимларга хизмат йиллари учун фоизли устама ҳақ белгилашда уларнинг илгариги иш жойидаги (фоизли устама тўлаш учун белгиланган) хизмат ёки меҳнат стажлари инобатга олинади ҳамда ушбу давр ходим ички ишлар органларидан бўшатилган тақдирда унга пенсия тайинлашда умумий хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

51. Юқори ёки тенг лавозимга вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган ходимларга навбатдаги махсус унвонлар, вазифа бажарувчи этиб тайинлангунга қадар эгаллаган лавозимининг унвон поғонаси бўйича берилади.
Агар вақтинча лавозимни бажариш учун тайинланган ходимнинг илгари эгаллаган лавозимининг унвон поғонаси навбатдаги унвонини бериш учун мос келмаса, уни навбатдаги махсус унвонга тавсия этиш мумкин эмас. Бунда лавозим вазифасини бажариш муддати олти ойдан ошмаслиги лозим.

52. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети (олий курслари) тингловчиларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг докторантурасида таълим олаётганларга навбатдаги махсус унвонлар улар тингловчилар сафига, докторантурага қабул қилинганига қадар хизмат қилган охирги лавозимининг унвон поғонасига мувофиқ берилади.

53. Ходимлар илгари эгаллаган лавозимларидаги штат жадвали бўйича ўзгаришлар (штатлар қисқариши, унвон поғонаси кўтарилиши ёки туширилиши) лавозим вазифасини бажарувчи этиб тайинланганларидан ёки ўқишга кирганларидан сўнг инобатга олинмайди.

54. Махсус унвонлар бериш, улардан маҳрум қилиш ва уларни тиклашга доир ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

4-боб. Лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва ротация

55. Ички ишлар органларининг асосий лавозимлари бўйича ходимларнинг махсус унвонлар рўйхати — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, уларга тенглаштирилган лавозимлар рўйхати эса — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқлаган ташкилий-штат тузилмаси ва умумий штатлар сони асосида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.

56. Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасида кўрсатилмаган ходимларни лавозимларга тайинлаш ва озод этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

57. Тайинланиши учун ходимларнинг соғлиғи ҳолати инобатга олиниши талаб этиладиган лавозимлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

58. Ходимларни лавозимга тайинлаш, бунга ваколатли бошлиқлар томонидан қуйидаги қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади:
а) ходимларни лавозимга тайинлаш уларнинг маълумоти, мутахассислиги ёки лавозимга яқин мутахассислик, шунингдек амалий иш тажрибасига мувофиқ амалга оширилади;
б) бўш лавозим вазифасини бажаришнинг узлуксиз муддати олти ойдан, жамланган лавозимда эса тўрт ойдан ошмаслиги лозим;
в) ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида, шунингдек ходимнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганида у эгаллаб турган лавозимида озод қилинади ва 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга, айрим ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири рухсати билан икки ойдан ошмаган муддатга пул таъминоти (охирги лавозими бўйича) сақланган ва хизмат стажини бир куни бир кунга ҳисоблаган ҳолда ички ишлар органлари ихтиёрига олинади. 
Ички ишлар органлари ихтиёрида бўлиш муддатини ҳисоблашда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври (лаёқатсизлик ҳақидаги ҳужжат бўлганида) ёки қўшимча таътилда бўлиш (бола парваришлаш таътилида бўлиш вақти бундан мустасно) инобатга олинмайди.
Ходимларнинг ички ишлар органлари ихтиёрида белгиланган муддатдан ортиқ бўлгани учун ҳақ тўланмайди, бунда ушбу даврнинг бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда умумий хизмат стажига киритилади.
г) ходимнинг ёки унинг оила аъзолари ҳаёти ёхуд соғлиғига хавф юзага келганида, шунингдек уларнинг соғлиғи ҳолати туфайли хизмат (яшаш) жойини ўзгартириш зарур бўлганида, ушбу ходимни бошқа туман (шаҳар, вилоят)га хизматга ўтказиш лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқ томонидан амалга оширилади;
д) ўзаро қариндош бўлган ходимлар (ота-она, турмуш ўртоғи, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, шунингдек турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари), агар унда хизмат ўташ бирининг иккинчисига бўйсуниши ёки назорат остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бир бўлинмадаги лавозимларга тайинланиши мумкин эмас.
е) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркиби лавозимларига тегишли соҳада камида ўн йиллик илмий, педагогик ёки амалий иш тажрибасига эга бўлган шахслар шаҳодатланган лавозимлар ҳисобидан тайинланиши мумкин.
ж) ходимни эгаллаб турган лавозимидан четлаштиришга доир жиноят иши бўйича суд қарори чиқарилганида у эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ҳамда аввалги хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган паст ёки тенг мавқели лавозимга тайинланади ёхуд ички ишлар органлари ихтиёрида қолдирилади;
Эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган ходимни ички ишлар органларидан бўшатиш ёки уни аввалги ёхуд тенг мавқели лавозимга тайинлаш масаласи бунга ваколатли бошлиқлар томонидан суд қарори асосида ҳал этилади.
Ходимни эгаллаб турган лавозимидан қонунга хилоф тарзда четлаштириш туфайли юзага келган мажбурий прогулнинг бир йилдан ортиқ бўлмаган муддати учун унга пул таъминоти тарзида ҳақ тўланади.

59. Ходимни лавозимдан лавозимга ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
юқори лавозимга — хизмат бўйича кўтарилиш ёки рағбатлантириш тартибида;
тенг лавозимга — ўзининг хоҳишига кўра, соғлиғининг ҳолати бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида), оилавий шароитга кўра, суд қарори асосида лавозимдан четлаштириш ёки бўш лавозимларни жамлаш зарурияти юзага келганида ходимнинг касбий ва шахсий хислатларини инобатга олиб, унинг эгаллаб турган лавозимидаги амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида;
паст лавозимга — ўзининг хоҳишига кўра, соғлиғининг ҳолати бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида), аттестация тартибида эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилганида, интизомий жазо чораси сифатида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда, шунингдек ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида ёки суд қарори асосида лавозимидан четлаштирилганлиги сабабли тенг лавозимга ўтказиш имконияти бўлмаганида.
Бошлиқнинг ходимни паст лавозимга ўтказиш ҳақидаги буйруғида бунинг асослари кўрсатилади.

60. Юқори, тенг ёки паст лавозимлар эгаллаб турган лавозим билан назарда тутилган махсус унвонга мувофиқ, махсус унвонлар тенг бўлганида эса — лавозим маоши миқдори бўйича аниқланади.

61. Эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги сабабли ёки интизомий жазо тариқасида паст лавозимга тайинланган ходимларни хизмат бўйича кўтариш уларнинг касбий ва шахсий хислатлари, соғлиғининг ҳолати, иш натижалари ва хизмат вазифаларини бажариш бўйича кўрсатган қобилиятидан келиб чиқиб, камида бир йилдан кейин амалга оширилади. 

62. Хизмат жойи ўзгарган ходим ички ишлар органлари хизмат бўйича кўчириш ҳақида буйруқни ёки ёзма хабарни олган кунидан сўнг ўн кундан кечикмасдан моддий ва ишониб берилган мулкни топширганидан кейин, хизмат жойига сафарбар қилиниши лозим, ходим навбатдаги таътилда ёки даволанишда бўлган ҳоллар бундан мустасно.

63. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига, шу жумладан касбий тайёргарлик факультети, раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети (олий курслар)га ўқишга кирган ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилади ва тингловчилар сафига киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари)ни ўтказиш, тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

64. Ходимни махфий ҳужжатлар билан ишлаши белгиланган лавозимга тайинлашда унга давлат сирини ташкил қилувчи маълумотларга ўрнатилган тартибда рухсатнома расмийлаштириш жараёни амалга оширилади. 
Давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга рухсатномаси бўлмаган ходимни махфий ҳужжатлар билан ишлаши белгиланган лавозимга тайинлашга йўл қўйилмайди.
Ходим ўрнатилган тартибда давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга рухсатномадан маҳрум қилинганда эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ва махфий ҳужжатлар билан ишлаш талаб этилмайдиган лавозимга ўтказилади.

65. Ички ишлар органларида раҳбар лавозимларни эгаллаган ходимлар фаолиятининг самарадорлигин ошириш, коррупция ва ваколатлар суиистеъмол қилинишининг олдини олиш, шахсий таркиб орасида соғлом муҳитни таъминлаш мақсадида ходимлар амалий иш тажрибасини ва касбий тайёргарлик даражасини инобатга олган ҳолда тенг лавозимга, жумладан бошқа туман (шаҳар, вилоят) ёки таркибий тузилмага, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан сўнг, ротация тартибида ўтказилиши мумкин.

66. Ходимларни ички ишлар органлари ихтиёрида қолдириш ва ротация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

5-боб. Ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш 

67. Ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа таълим муассасаларида, шунингдек халқаро шартномалар асосида хорижий давлатлар таълим муассасаларида амалга оширилади.
Хорижий давлатлар таълим муассасаларида ўқиш учун танлов ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

68. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига, хорижий давлатлар олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқаролар билан ўқишни тамомлаганидан кейин беш календарь йили мобайнида ички ишлар органларида, шунингдек тақсимот бўйича юборилганда бошқа давлат идораларида мажбурий узлуксиз хизмат ўташлари ҳақида белгиланган тартибда шартнома тузилади.
Шартнома шартлари ҳамда унинг бажарилмаслиги сабабли моддий жавобгарлик ҳақида номзод (шунингдек унинг ота-онаси) ўқишга киргунига қадар дастлабки танлов даврида ёзма равишда огоҳлантирилади.
Шартнома ўқишга кирган фуқаролар билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги номидан таълим муассасалари томонидан, хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга юбориладиганлар билан эса — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тузилади.
Шартнома тузишни рад этган фуқаролар мазкур таълим муассасаларига қабул қилинмайди.
Агар курсант (ходим) томонидан шартнома шартлари бажарилмаса ундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ўқишига сарфланган маблағлар қонунга мувофиқ ундирилади.
Қуйидаги ҳолларда таълимга сарфланган маблағлар ундирилмайди:
ички ишлар органларидан ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида ёки ташкилий-штат ўзгаришлари сабабли бўшатилганда;
курсант (ходим)нинг ота-онаси, ака-укалари ёки опа-сингилларидан бири назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиси бўлиб, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган тақдирда;
курсант (ходим) вафот этганида.

69. Хизматга қабул қилинган фуқаролар (курсантлар ва тингловчилар бундан мустасно) мажбурий тартибда камида уч ой муддатли махсус касбий (бошланғич) тайёргарликдан ўтадилар.

70. Ходим бошқа турдаги касбий фаолият билан боғлиқ лавозимга тайинланганда ёки уни янги йўналишлар бўйича тайёрлаш зарур бўлганида қайта тайёргарликдан ўтиши шарт.

71. Ходимлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланадиган дастурлар асосида малака оширадилар.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида назарда тутилмаган мутахассисликлар бўйича ходимларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикасининг бошқа таълим муассасаларида ёки хорижий давлатлар таълим муассасаларида ташкил этилади.

72. Ички ишлар органлари учун раҳбар кадрларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

73. Ходимларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-ахлоқий даражасини ошириш учун ички ишлар органларида тизимли равишда хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари ташкил этилади.
Ходим махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ шароитларда ҳаракатланишига касбий яроқлилиги бўйича ҳар йилги текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

74. Ходимларни махсус касбий (бошланғич) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек хизмат ўташ вақтида хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарликдан ўтишини ташкил қилиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
6-боб. Ходимнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотларига сайланганида (тайинланганида, сафарбар этилганида) хизмат ўташи

75. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига, Сенати аъзолигига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатлигига сайланган (тайинланган), Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кадрларининг амалдаги захирасига (бундан буён матнда — кадрлар захираси) киритилиши мумкин.

76. Агарда қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, кадрлар захирасига киритилган ходимлар ушбу Низомда белгиланган тартибда хизмат ўтайдилар. 

77. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг лавозими ўзгарган (бошқа лавозимга тайинланган, лавозимдан озод қилинган, ўқишдан четлаштирилган), рағбатлантирилган, шунингдек интизом бузган тақдирда улар фаолият кўрсатаётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарлари бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини ёзма равишда хабардор қилади.

78. Кадрлар захирасига киритилган ходимларни давлат мукофотига тавсия этиш, ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг белгиланган чегарадаги ёшига тўлганида хизмат муддатини узайтириш улар фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарларининг тақдимномасига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

79. Кадрлар захирасига киритилган ходимларга махсус унвонлар қуйидаги тартибда берилади: 
«подполковник» махсус унвонигача, шу жумладан «подполковник» унвони ҳам — илгари эгаллаган лавозимидан қатъи назар, ходим фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарларининг киритган тавсияномасига кўра ушбу Низомда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан;
«полковник» махсус унвони — илгари эгаллаган лавозимидан қатъи назар, ходим фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарларининг киритган тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан;
генераллар таркибининг махсус унвонлари — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ҳамда улар фаолият кўрсатаётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг биргаликдаги тавсияномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан.

80. Кадрлар захирасига киритилган ходимларга таътилларни, шунингдек хорижий давлатларга боришлари учун рухсатномаларни расмийлаштириш, ходимлар фаолият олиб бораётган давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарларининг рухсати билан амалга оширилади.

81. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар хизматни ўташ тартиби билан боғлиқ ўзгаришлардан хабардор бўлишлари, лавозими ўзгарганида (бошқа лавозимга тайинланганида, лавозимидан озод этилганида, ўқишдан четлаштирилганида), мукофотланганида, интизом бузилишига йўл қўйганида, шунингдек ўзларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ёзма равишда ахборот бериши шарт. 

82. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар никоҳдан ўтганида, оиласи таркибида бошқа ўзгаришлар бўлганида, қариндошларига (ота-она, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, ўғил-қизлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари) нисбатан жиноят иши қўзғатилганида уч иш куни муддати ичида, меҳнат таътили ёки хизмат сафарида бўлганида эса таътил ва сафар тугаши билан дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ёзма равишда хабар берадилар.

83. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар хизмат мажбуриятларни бажариш (ўқиш) муддати якунланганидан сўнг, давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ихтиёрига қайтариб юборилади.

84. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қайтган ходим Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан кадрлар захирасидан чиқарилади ва илгариги, унга тенг ёки юқори лавозимга тайинланади.

85. Интизом бузиши ва бошқа салбий сабабларга кўра давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлардаги лавозимидан озод этилиб, шунингдек ўқишдан четлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қайтариб юборилган ходимни лавозимга тайинлаш ёки хизматдан бўшатиш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади .

86. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар таълим муассасаларини тамомлаганидан сўнг, ўқиш даврида олган маълумоти ва мутахассислигига ҳамда амалий иш тажрибасидан келиб чиқиб лавозимга тайинланади.

87. Хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига етган ёки хизматни давом эттириш истаги бўлмаган ходимлар, кадрлар захирасига киритилгунига қадар эгаллаган лавозими бўйича мазкур Низомга мувофиқ хизматдан бўшатилади.

88. Кадрлар захирасига киритилган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари хизмат (ўқиш) вақтида, шунингдек бўшатилганидан сўнг, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган барча турдаги таъминот, ҳуқуқ, имтиёз ва бошқа афзалликлардан фойдаланади.

89. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг давлат органлари ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек таълим муассасаларида лавозим мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври ички ишлар органи ходимига навбатдаги махсус унвонни олиш ҳуқуқини берадиган хизмат қилган йилларига устама тўлаш, пул таъминоти (лавозим маоши ва махсус унвон бўйича маоши суммасидан иборат бўлган) маошини белгилаш ва пенсия тайинлаш учун ички ишлар органларидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

7-боб. Аттестация ўтказиш

90. Ички ишлар органларида аттестация ходимларнинг билим даражасини, ишга муносабатини, касбий тайёргарлигини, эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини холисона баҳолаш, мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятидан хабардорлиги даражасини аниқлаш, шунингдек хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши чоғида уларнинг масъулиятини ошириш мақсадларида ўтказилади.
Аттестация ошкоралик, талабчанлик, принципиаллик ва хайрихоҳлик вазиятида ўтиши лозим.

91. Ходимлар хизмат даврида навбатдаги ва навбатдан ташқари аттестациядан ўтадилар.

92. Навбатдаги аттестациядан ўтказиш муддати лавозимга тайинланган ва охирги аттестациядан ўтказилган кунидан бошлаб ҳисобланади.
Навбатдаги аттестация беш йилда бир марта ёки навбатдаги махсус унвон бериш учун ўтказилади.
Қуйидаги ходимлар навбатдаги аттестациядан ўтмайдилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланганлар;
эгаллаб турган лавозимида бир йилдан кам муддат хизмат қилганлар;
хизмат сафарида, даволанишда (ички ишлар органлари тиббиёт муассасаларида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган ҳолда) ва малака оширишда бўлганлар;
кадрлар захирасига киритилганлар. Ушбу тоифадаги ходимлар кадрлар захирасидан чиқарилиб, ички ишлар органларидаги лавозимга тайинланган кундан бошлаб камида бир йил ўтганидан сўнг умумий тартибда аттестациядан ўтадилар;
ҳомиладорлик, туғиш ва бола парваришлаш таътилида бўлганлар. Бола парваришлаш таътилида бўлган ходимлар хизмат вазифаларини бажаришга киришганларидан сўнг камида бир йил ўтганидан сўнг аттестациядан ўтадилар. 

93. Навбатдан ташқари аттестациядан иш кўрсаткичлари паст бўлган, касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган, хизмат интизомини қўпол тарзда бузган ёки мунтазам бузиб келаётган, ички ишлар органлари ходимининг шаънига путур етказувчи ножўя ҳаракатлар содир этган ходимлар ўтадилар.
Навбатдан ташқари аттестация ўтказиш ҳақидаги қарорни лавозимга тайинлаш ваколатига эга бўлган бошлиқ қабул қилади.

94. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири ёхуд ички ишлар вазирининг қарорига асосан ходимлар навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин, бунинг учун махсус комиссия тузилади.

95. Аттестацияни ташкил қилиш ва ўтказиш, аттестация комиссиялари таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

8-боб. Таътиллар

96. Ходимларга қуйидаги таътиллар берилади:
ҳар йилги асосий таътил;
ҳомиладорлик, туғиш ва бола парваришлаш таътиллари;
касаллик бўйича (ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан) таътил;
ўқув (каникуляр) таътили — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари курсант (тингловчи)лари учун;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларини тамомлаганлиги муносабати билан таътил;
ижодий таътил — амалий фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган ходимларга диссертациясини якунлаши учун; 
қўшимча таътил — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларни топшириши учун, оилавий шароити бўйича, жанговар ҳаракатларда ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда қатнашганларга.
Шунингдек, ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича таътиллар ҳам берилиши мумкин.

97. Ходимларга дам олиш ва иш қобилиятини тиклашлари учун таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч календарь кундан ошмайдиган вақт қўшилган (байрам кунлари ҳисобга олинмаган, лавозими ва пул таъминоти сақланган) ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳар йилги асосий таътил берилади.

98. Асосий таътил ходимларга биринчи хизмат йили учун камида олти ой ишлаганидан сўнг берилади.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири асосий таътилни ходим дастлабки синов муддатини ўтаганидан сўнг, хизматининг биринчи йилининг исталган даврида бериш ҳуқуқига эга. 

99. Ходимнинг белгиланган хизмат муддатини ўтагандан кейин ҳар йилги асосий таътилига қўшимча равишда календарь ҳисобида давомийлиги қуйидагича бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади:
ўн йиллик хизматидан сўнг — беш кун;
ўн беш йиллик хизматидан сўнг — ўн кун;
йигирма йиллик хизматидан сўнг — ўн беш кун.

100. Ҳар йилги асосий таътил даврида ходим ички ишлар органларининг тиббиёт муассасасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги варақаси очилган ҳолда даволанганида таътил ушбу муддатга узайтирилади.

101. Фавқулодда ҳолатлар даври белгиланган, табиий офат ҳудуди деб эълон қилинган ёки уларга тенглаштирилган жойларда хизмат ўтаган ходимларга улар фойдаланмаган ҳар йилги асосий таътил уларнинг хоҳишига кўра кейинги йилги асосий таътилга қўшиб берилади. 

102. Ходимлар ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларига ўтказилган тақдирда, уларнинг фойдаланилмай қолган ҳар йилги асосий таътили янги хизмат жойи бўйича берилади.

103. Ходимга йилига бир маротаба қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида ҳар йилги асосий таътилни ўтказадиган жойига, шунингдек санаторий-курортларда даволаниш жойларига бориши ва қайтиши учун сарфлаган йўл харажатлари тўлаб берилади.

104. Ходимларга ҳар йилги асосий таътил хоҳишига кўра икки қисмга бўлиб берилиши мумкин. Бунда таътилнинг бир қисми ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Ушбу ҳолда таътил гувоҳномаси таътилнинг ҳар бир қисми учун алоҳида расмийлаштирилади.

105. Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари қонун ҳужжатларида белгиланган муддатга ва тартибда берилади.
Ходимга қонун ҳужжатларига мувофиқ бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун таътил берилади.
Болани парваришлаш таътиллари даврида ходимнинг лавозими сақланади ва ушбу таътиллар муддати хизмат стажига (шу жумладан мутахассислиги бўйича хизмат стажига ҳам) қўшилади, лекин ҳаммасини жамлаганда уч йилдан ошмаслиги керак. Бунда хизмат муддати ҳар бир куни бир кунга тенглаштирилган ҳолда ҳисобланади.

106. Ходимларга касаллиги бўйича таътиллар ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси асосида берилади. Ушбу таътилнинг давомийлиги касалликнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Касаллик сабабли таътилда бўлишнинг узлуксиз умумий муддати тўрт ойдан ошмаслиги лозим. Айрим касалликлар бўйича даволанишда бўлиш учун кўпроқ муддат талаб қилинган ҳолларда бу муддат тиббиёт муассасаси хулосаси асосида узайтирилиши мумкин.
Ходимлар касаллик бўйича таътилда узлуксиз бўлишнинг белгиланган муддати тугаганидан сўнг, кейинги хизматга яроқлилигини ҳал қилиш учун ҳарбий-тиббий комиссияда гувоҳлантирилиши лозим.
Ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришда олинган ярадорлиги (контузия, жароҳатлар)ни даволашда бўлган даври маълум бир муддат билан чекланилмайди. Шахсларнинг мазкур тоифаси даволаниш тугагандан сўнг ҳарбий-тиббий гувоҳлантирилишидан ўтказилади.
Касаллик сабабли берилган таътил ҳар йилги асосий таътил ҳисобига киритилмайди.
Ходим хизматдан бўшатилаётганда, унга касаллиги сабабли таътил берилмайди.

107. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг академик қарздорлиги бўлмаган курсантларига етти кун давом этадиган қишки ва ўттиз кун давом этадиган ёзги, шунингдек олий таълим муассасасини тамомлаши муносабати билан ўттиз кун давом этадиган таътиллар берилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида сиртдан ўқиётган ходимларга имтиҳонлар, синовлар ва бошқа ўқув ишларини топшириш даврида сессия муддатига пул таъминоти сақланган ҳолда таътил берилади.

108. Олий таълим муассасаси ёки илмий тадқиқот муассасасининг мустақил изланувчи бўлган ходимларга диссертацияларини якунлашлари учун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган тартибда ижодий таътил берилади.

109. Олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари топшириш учун рухсат олган ходимларга таълим муассасасига бориш ва у ердан қайтиш вақтини ҳисобга олган ҳолда камида ўн беш календарь куни давом этадиган ва пул таъминоти сақланмайдиган таътил берилади.

110. Ходимларга оиласидаги кечиктириб бўлмайдиган ижтимоий-маиший масалаларни ҳал этиш, қариндошлик бурчини бажариш билан боғлиқ бўлган, шунингдек бошқа узрли сабабларга кўра таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун вақт ҳисобга олинмаган, пул таъминоти сақланмаган ҳолда ўн кунгача қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.

111. Ходимларга ҳар йилги асосий таътил жорий календарь йили давомида берилмаган бўлса, ушбу таътил кейинги йилнинг биринчи чорагида берилиши лозим.

112. Ходимни таътилдан фақат хизмат юзасидан ўта зарур ҳоллардагина ўзининг розилиги ва хизматга қабул қилиш ваколатига эга бошлиқнинг ёзма қарори билан чақириб олишга йўл қўйилади. 
Таътилдан чақириб олинганида унинг фойдаланилмай қолган қисми, қоида тариқасида, жорий йилда берилади.
Агар ҳар йилги асосий таътилнинг фойдаланилмаган қисми ўн кун ва ундан ортиқ бўлса, ходимга таътил ўтказадиган жойига бориши учун пул маблағи берилади, аммо масофа уни чақириб олинган аҳоли пунктидан узоқ бўлмаслиги керак.

113. Ушбу Низомнинг 144-банди «а», «б», «в», «г», «д» ва «е» кичик бандлари асосида хизматдан бўшатилаётган ходимларга ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилинган календарь йили учун ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий ва қўшимча таътиллар берилади.
Бошқа асосларга кўра хизматдан бўшатилаётган ходимларга фойдаланилмаган ҳақ тўланадиган асосий ва қўшимча таътиллар учун пул компенсацияси тўланади.

114. Ходимларга таътиллар бериш, таътилдан чақириб олиш, шунингдек уларни муддатларини ҳисоблаш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

9-боб. Ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя

115. Ходим фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари талабларидан келиб чиққан ҳолда эгаллаб турган лавозими бўйича хизмат вазифаларини бажаришда давлат органининг вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

116. Ходимнинг хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўз ваколатлари доирасидаги қонуний талаблари барча фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Ходимнинг қонуний талабларини бажармаслик ва унинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.

117. Ходим томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонун асосида амалга оширилган бўлса, бунда у жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди. Ходимларнинг жисмоний куч ишлатиши, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллашининг асослилиги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.

118. Ходим хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида зарурий мудофаа ёки охирги зарурат ҳолатида, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ёхуд буйруқ ёки бошқа вазифани ижро этиш вақтида, шунингдек касб фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиш оқибатида зарар етказса, уни жавобгарликдан озод қилиш масаласи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

119. Ходим хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига бўйсунади. 

120. Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ходимнинг қонуний фаолиятига аралашиш, ходимни қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. 
Ходим ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти бўйича ҳеч қандай тушунтириш беришга, шунингдек уларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдорларини танишиб чиқиш учун тақдим этишга мажбур эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар ва тартиблар бундан мустасно.

121. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади:
соғлиғини сақлаш;
меҳнатига ҳақ тўлаш;
уй-жой майдони билан таъминлаш;
мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;
давлат пенсия таъминоти;
давлат суғуртаси;
ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чора-тадбирлар.

122. Ходимлар белгиланган намунадаги бепул кийим-кечак билан таъминланадилар.

123. Ходимлар, ички ишлар органларинг пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари курсант (тингловчи)лари амбулатор, стационар ва тиббий-санитария шароитида бепул тиббий хизмат олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тиббий-даволаш муассасаларига бириктирилади, уларда қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда даволанади ва соғломлаштиришдан ўтказилади.
Ходимлар ва ички ишлар органларинг пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилида бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланадилар.

124. Ходимлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда йилда бир марта мажбурий чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ўтадилар. Ўқотар қурол билан хизмат олиб борадиган ходимлар профилактик тиббий кўрикдан ҳар олти ойда ўтадилар.

125. Ходимларнинг фарзандлари яшаётган жойдаги мактабгача таълим муассасаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз ва имтиёзли равишда жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига қабул қилиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

126. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларга, шунингдек ички ишлар органларидан бўшатилган фуқароларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа имтиёз, кафолат ва компенсациялар ҳам белгилаши мумкин.

127. Хизмат муддати, педагогик иш стажи, шунингдек илмий унвони мавжудлиги учун ходимларга қонун ҳужжатларга мувофиқ устама ҳақлар тўланади.
Хизмат муддатини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

128. Хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган, юксак касбий тайёргарлик даражасига эришган, юксак маънавий-ахлоқий хислатларга эга бўлган, шунингдек ўз фаолиятида юқори натижаларни кўрсатган ходимларга ҳар ойлик қўшимча тўловни назарда тутувчи «учинчи тоифа мутахассиси», «иккинчи тоифа мутахассиси», «биринчи тоифа мутахассиси» ва «уста» малака тоифалари берилади.
Малака тоифаларини бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

129. Ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни ихтиёрий ёки мажбурий суғурта маблағларидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.
Ушбу қоида ички ишлар органларидан пенсияга чиқарилган шахсларга, агар зарар уларга ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолда етказилганида ҳам татбиқ этилади.
Ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажариши туфайли, унинг ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

130. Меҳнатнинг қатнов хусусияти билан боғлиқ бўлган хизмат мажбуриятларини бажарувчи ходимларга шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) фойдаланиш учун ойлик йўл чипталари берилади ёки пуллик компенсация тўланади.

131. Фаолиятида хизмат мажбуриятларини бажариш қатнов хусусияти билан боғлиқ бўлган ходимларга шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) фойдаланиш учун ойлик йўл чипталари бериш ёки пул компенсация тўлаш, шунингдек хизмат сафарларида шахсий транспортидан фойдаланувчиларга компенсация тўлаш тартиби ва миқдори қонун ҳужжатларида белгиланади.

132. Ходимлар хизматга қабул қилинган кунидан бошлаб ўн кун ичида Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.

133. Хизматдан бўшатилаётган ходимларга бир марта тўланадиган нафақа пули берилади.
Хизматдан бўшатилаётган ходимлар кўп йиллик ва виждонан (бенуқсон) хизматлари учун ваколатли раҳбарлар томонидан қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирланиши мумкин. 

134. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ходимларга, шунингдек ҳалок бўлганларнинг оиласига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда бир марталик нафақа тайинлашга ҳақли.
Ходимлар, боқувчисини йўқотганда эса уларнинг оила аъзолари қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга.

135. Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларини хизматга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

136. Соғлиқни сақлаш, молиявий таъминоти, таътиллар бериш, уй-жой майдони ва имтиёзли ипотека кредитлари билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш, давлат пенсия таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси, ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

10-боб. Хизмат ўташ режими 

137. Ходимлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда белгиланган мажбуриятларни бажарадилар ҳамда ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланадилар.

138. Ходимларнинг ҳафталик иш вақти қирқ соатдан ошиши мумкин эмас, зарур бўлган ҳолларда эса улар кучайтирилган ёки суткалик режимда хизмат ўташга жалб этилишлари мумкин.
Одатдаги хизмат ўташ режими олти кунлик иш ҳафтаси ўрнатилишини назарда тутади, бунда кунлик иш давомийлиги етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса – саккиз соатдан ошмаслиги керак. 
Кучайтирилган режим кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган хизмат белгиланишини назарда тутади.
Суткалик режим уч маҳал овқатланиш ҳамда камида саккиз соат дам олиш учун вақт берилган ҳолда йигирма тўрт соат давомида хизмат ўташни назарда тутади.
Суткалик режим хизмат ўташ чоғида ходимларга уларнинг хоҳишига кўра хизмат ўташ жойида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари учун белгиланган умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёги учун бериладиган компенсация ўрнига уч маҳал бепул овқат берилиши мумкин, ўз хизмат вазифаларини доимий равишда суткалик навбатчилик асосида бажарадиган ходимлар бундан мустасно.
Кучайтирилган ёки суткалик режим жорий этилиши муносабати билан иш соатлари (кунлари)нинг белгиланган нормалари оширилганлиги эвазига ходимга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда пул компенсацияси тўланади ёки дам олиш кунлари (отгуллар) берилади ёхуд бу кунлар унинг ҳар йилги асосий таътилига қўшилади.
Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш, шунингдек ходимларни жанговар ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан амалга оширилади.

139. Дам олиш ва байрам кунлари хизмат вазифаларини бажаришга жалб этиладиган ходимларга ҳафтанинг бошқа кунларида дам олиш куни берилади.

140. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари суткалик нарядининг хизмати йигирма тўрт соатга мўлжаллаб ташкил этилади. 
Навбатчилик вақтида ички ишлар органлари навбатчилик қисми ходимларига навбатма-навбат овқатланиш ва қисқа муддатли дам олиш учун умумий давомийлиги уч сменалик режимда — олти соат, тўрт сменалик режимда — тўрт соат давом этадиган танаффуслар берилади.
Смена тугагач, ички ишлар органлари навбатчилик қисмларининг ходимлари ҳамда хизмат вазифаларини суткалик навбатчилик режимида доимий бажарувчи бошқа ходимларга белгиланган тартибда дам олиш берилади. 

141. Ички ишлар органларида асосий хизмат вазифаларига қўшимча равишда суткалик режимда навбатчиликка тушган ходимларга навбатчилик тугаганидан сўнг, камида 24 соат давом этадиган дам олиш вақти берилади. 

142. Ички ишлар органлари хизмат фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ички ишлар органларининг бошликлари томонидан тасдиқланадиган кун тартиби ишлаб чиқилади.

143. Уруш ҳолати эълон қилинган даврида ходимларнинг хизмат ўташ тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

11-боб. Хизмат муддатини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш 

144. Ходим қуйидаги асосларга кўра хизматдан бўшатилади:
а) ўзининг хоҳиши (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганларга) — ходимнинг билдиргиси асосида;
б) хизматда бўлишнинг белгиланган чегара ёшига тўлганлиги;
в) пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги — ходимнинг билдиргиси асосида;
г) ташкилий-штат ўзгаришлари;
д) касаллиги − ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси асосида;
е) соғлиғининг чекланганлиги ҳолати − ҳарбий-тиббий комиссиянинг ички ишлар органларидаги хизматга яроқлилиги чекланганлиги тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;
ж) дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;
з) малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги − аттестация натижалари асосида;
и) хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;
к) ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;
л) жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганидан кейин ҳукм қилинганлиги;
м) ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;
н) бошқа турдаги давлат хизматига ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритмасдан);
о) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганлиги ёки чет давлат фуқаролигини олганлиги;
п) ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаганлиги.

145. Ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чегара ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлар учун эллик ёш, офицерлар таркиби учун — эллик беш ёш, генераллар таркиби учун — олтмиш ёш, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъи назар) — эллик ёшни ташкил этади.

146. Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг эса — ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

147. Хизмат муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Низомда назарда тутилган асослар бўйича ички ишлар органларидан бўшатиш имкониятини истисно этмайди.

148. Қуйидаги ҳолларда ходимларнинг хизматдан бўшатилишига йўл қўйилмайди:
тиббиёт муассасаларида даволанишда бўлганида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасалари томонидан вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилганда;
таътилда ёки хизмат сафарида бўлганда;
асирга ёки гаровга олинганида (ўз ихтиёри билан асирга ёки гаровга тушиш ҳоллари бундан мустасно).

149. Ходимга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, судда кўрилаётган жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинмаган ёки суд ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлса, у хизматдан бўшатилиши мумкин эмас.

150. Ходим юқори турувчи мансабдор шахсларга хизматдан бўшатилиши юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

151. Хизматдан бўшашга қарор қилган ходим бўшашни режалаштирган кундан камида икки ой аввал ички ишлар органининг бошлиғига билдирги билан мурожаат этади.
Ходимларнинг хизматдан бўшатилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:
«подполковник» махсус унвонигача, шу жумладан «подполковник» унвони ҳам, — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ёки хизматга қабул қилиш ваколатига эга бошлиқнинг буйруғи билан;
«полковник» ва ундан юқори махсус унвонлардаги ходимлар — белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан.

152. Ходимнинг хизмат муддати календарь ҳисобда йигирма йилга етганидан сўнг, ўтаган хизмат муддати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва хорижий давлатлар олий таълим муассасаларида (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги халқаро шартномаларга мувофиқ), Ўзбекистон Республикасининг олий-ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш, Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни ўташ даврлари киради. 
Ушбу ҳолда ходимга пенсия тайинлашда унинг календарь тарзда ҳисобланадиган хизмат муддатига қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган имтиёзли ҳисобланадиган хизмат муддати қўшилади.

153. Пенсия олиш ҳуқуқини берувчи хизмат муддатини ўтамаган, ушбу Низомнинг 144-банди «б», «г», «д» ёки «е» кичик бандларига мувофиқ хизматдан бўшатилаётган ходимлар бўшаш кунида умумий иш стажи йигирма беш ва ундан ортиқ йилни ташкил этган, улардан камида ўн икки йилу олти ойи ички ишлар органлари хизматига тўғри келганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

154. Ходимлар ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги), бедарак йўқолган деб топилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги сабабли ички ишлар органлари шахсий таркиби рўйхатидан ўчирилади.
Бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори бекор қилинганда, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилиши оқибатида шахсий таркиб рўйхатидан ўчирилган шахсни ходим сифатида қайта шахсий таркиб рўйхатига киритиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг қарори асосида амалга оширилади.

155. Ушбу Низомнинг 144-банди «л» кичик бандига асосан хизматдан бўшатилиб, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ёхуд асоссиз бўшатилганлиги тан олинган ҳолларда, шунингдек ғайриқонуний равишда хизматдан бўшатилган деб топилган шахсларни хизматга тиклаш суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори ёхуд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг қарори асосида амалга оширилади.
Тикланиши лозим бўлган шахсларни шахсий таркиб рўйхатига киритиш ва лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири қарори билан амалга оширилади.

156. Ушбу Низомнинг 155-бандида назарда тутилган шахслар бўшатилганидан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори чиқарилганидан бошлаб уч ой муддатда хизматга тиклаш ҳақида ички ишлар органларига мурожаат этишлари лозим.
Хизматга тиклаш шахсни бўшатилган кунидан тикланган кунига қадар бўлган оралиқ даври учун навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблашда хизмат стажига қўшиб ҳисоблаш шарти билан аввалги махсус унвони, эгаллаб турган лавозими, бунинг имкони бўлмаса, унга тенг ёки бошқа лавозимга тайинлаш орқали амалга оширилади. 
Хизматдан бўшатилган шахс бўшатилганидан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган кундан уч ой муддат ўтгандан кейин ички ишлар органига мурожаат этса, мурожаат қилиш муддатидан кейинги давр навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблашда узлуксиз хизмат стажига қўшиб ҳисобланмайди.
Агар шахс уч ойлик муддатни узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган тақдирда ушбу муддат Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тикланиши мумкин.

157. Хизматга тикланаётган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш суднинг қарори асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

158. Хизматга тикланган ходимларга пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблаш чоғида ҳисобга олинадиган хизмат стажига:
озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ жазолар ўталганда — бир куни уч кун;
қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганида — бир куни уч кун;
озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазолар ўталганида бир куни бир кун ҳисобида қўшилади. 
Хизматга тикланган ходимларга навбатдаги махсус унвон бериш, фоизли қўшимча ҳақ тўлашда хизмат йилларига бўшатилгандан кейинги даври бир куни бир кун ҳисобида қўшилади.

159. Ушбу Низомнинг 144-банди «в», «г», «е» ва «н» кичик бандларига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар махсус унвонни тиклаган ҳолда хизматга қайта қабул қилиниши мумкин.
Ушбу Низомнинг 144-банди «а» кичик бандига мувофиқ хизматдан бўшатилган ходимлар уларнинг ички ишлар органларидаги календарь ҳисобдаги амалий иш стажи ўн йилдан ортиқ бўлганда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий ички ишлар органлари ва соҳавий хизматлари, таълим муассасалари бошлиқларининг асослантирилган тақдимномаларига асосан, шунингдек хизматдан бўшашига ўқишга кириши сабаб бўлган ҳолларда хизматга қайта қабул қилиниши мумкин.
Илгари ички ишлар органларидан бўшатилган шахсларни хизматга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

160. Давлат ҳокимияти органларига тайинланганлиги муносабати билан хизматдан бўшатилган ва тайинланган лавозими бўйича ваколат муддати тугаганлиги сабабли хизматга қайта қабул қилинган ходимларнинг ушбу органлардаги меҳнат фаолияти даври, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ички ишлар органларидаги умумий хизмат муддатига қўшилиб, бир куни бир кунга ҳисобланади. 

161. Ички ишлар органларида хизмат ўтаётган, шу жумладан кадрлар захирасида бўлган ходимларга хизмат муддати, агар қонун ҳужжатларда ва ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, имтиёзли равишда — бир куни бир ярим кунга тенглаштириб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа хорижий давлатлар (Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ юборилган тақдирда) олий таълим муассасаларида, жумладан касбий тайёргарлик факультетида ва раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети (олий курслари)да кундузги таълим ўқиш даври бир куни бир кунга ҳисоблаган ҳолда хизмат муддатига қўшилади.
Алоҳида даврда жамоат тартибини сақлашда, террорчиликка қарши операциялар ўтказишда, фавқулодда ҳолат тартибини ҳуқуқий таъминлаш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган, шунингдек ушбу ҳаракатларда иштирок этиши давомида олган ярадорлиги, контузияси ва жароҳатланганлиги оқибатида тиббий муассасада бўлган ходимлар ушбу даврдаги хизмат муддати бир куни уч кунга тенглаштирилиб ҳисобланади.
Ходимларнинг алоҳида даврда жамоат тартибини сақлашда, террорчиликка қарши операцияларда, фавқулодда ҳолат режимини ҳуқуқий таъминлашда ва унинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлиги ва муддатлари ҳақида ваколатли бошлиқ буйруқ чиқаради, буйруқдан кўчирма уларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдларига қўшилади.

12-боб. Якунловчи қоидалар

162. Мазкур Низом асосида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ички ишлар органларининг айрим бўлинмаларида хизмат ўташнинг бошқа тартиби ва шартлари белгиланиши мумкин.

163. Фуқароларни ички ишлар органларидаги ишчи ва хизматчилар лавозимига ишга қабул қилиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби меҳнат фаолиятининг хусусиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
Ички ишлар органлари ишчи ва хизматчиларининг меҳнат муносабатлари меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

164. Хизмат ўташнинг ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалари қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

Ички ишлар органларининг
ИНТИЗОМ УСТАВИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарорига
2-ИЛОВА 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг Интизом устави (кейинги ўринларда — Устав) ички ишлар органлари ходимлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари курсант (тингловчи)ларининг (кейинги ўринларда — ходимлар) хизмат интизомига қўйилаётган талаблар ва одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди, бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатларини, шунингдек рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларининг қўлланилишини тартибга солади. 
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда — ИИВ) халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва қоровул қўшинларида бошлиқлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом устави билан тартибга солинади. 

2. Ички ишлар органларида хизмат интизоми ходимлар томонидан ушбу Устав талабларига қатъий ва сўзсиз риоя этишдан иборат.
Ички ишлар органларида хизмат интизоми ҳар бир ходимнинг юксак даражада англашига ва хизмат бурчини ҳамда қўйилган вазифа учун шахсий жавобгарлигини чуқур тушунишига асосланади. 

3. Хизмат интизоми ҳар бир ходимни қуйидагиларга мажбур қилади:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳайъати қарорларида белгиланган талабларни, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буйруқ, фармойиш ва кўрсатмаларни қатъий бажариш;
ички ишлар органи ходимининг қасамёдига содиқ бўлиш, «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» деган ўзининг хизмат бурчини сўзсиз бажариш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси йўлида фидойилик билан хизмат қилиш;
ишониб топширилган табель қуроли, мол-мулк ва техникани асраб-авайлаш;
ҳушёр бўлиш, давлат ва хизмат сирини қатъий сақлаш;
ходимлар ўртасида ўзаро муносабатлар қоидаларига амал қилиш, бошлиқлар ва ҳамкасбларни ҳурмат қилиш;
доимий равишда ўз билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириб бориш, малака ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини муносиб равишда тутиш, жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишда намуна бўлиш. 

4. Ички ишлар органларида юксак хизмат интизомига:
ходимларда юксак маънавий-ахлоқий ва ишчанлик хусусиятларини, хизмат бурчини бажаришга нисбатан онгли муносабатни шакллантириш;
ҳар бир ходимнинг ўз хизмат бурчини бажаришга нисбатан шахсий масъулияти, ички тартиб ва хизмат кийимини кийиш қоидаларига қатъий риоя этиш;
бошлиқларнинг қўл остидаги ходимларга нисбатан кунлик талабчанлиги, уларга доимий ғамхўрлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини оқилона уйғунлаштирган ҳолда ва асосли қўллаш;
ички ишлар органлари бўлинмаларида зарур моддий-маиший шароитларни яратиш орқали эришилади.

2-боб. Ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари

5. Одоб-ахлоқ қоидалари қайси лавозимни эгаллашидан қатъи назар, ходимларнинг касб одоби ва хизматда ўзини тутишнинг асосий қоидалари умумий принциплари мажмуини ўз ичига олади. 

6. Ички ишлар органлари сафига қабул қилинган кундан эътиборан ҳар бир ходим одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишга мажбур. 
Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ходимнинг касбий фаолияти самарадорлиги ва хизматда ўзини тутишини баҳолашнинг мезонларидан бири ҳисобланади. 

7. Ходим томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг асосий талабларига амал қилиш қуйидагиларни назарда тутади:
фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш, уларнинг мавқеидан қатъи назар ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларнинг камситилиши ёки афзал кўрилиши ҳолатларига йўл қўймаслик;
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳ ҳамда конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини инобатга олиш, ижтимоий барқарорлик, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликка кўмаклашиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, беғараз ва қонуний кўриб чиқиш;
ходимнинг ўз хизмат бурчини виждонан бажаришига нисбатан фуқарода шубҳа уйғотувчи хатти-ҳаракатдан тийилиш, шунингдек ички ишлар органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик.

8. Шахсий важ ва бошқа субъектив сабаблар ходимлар томонидан қонунчилик талаблари ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига асос бўла олмайди.

9. Ходимлар коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиши ва фаоллик билан унинг профилактикасига кўмаклашиши шарт.
Ходимлар ўз бошлиғи ёки ваколатли органларга ўзларини бошқа шахслар ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаб мурожаат қилган ҳар бир ҳолат, шунингдек бошқа ходимлар томонидан содир этилган ҳар қандай ўзига маълум бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериши зарур.

10. Ходим оиласида юзага келган низоларни қонунчилик талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳал этади. 
Ходимнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилганда, унга ўз ваколатлардан фойдаланиб, аралашиш тақиқланади. 

11. Ходимлар хайрихоҳ, хушмуомала ва эътиборли бўлиши, фуқаролар ва ҳамкасбларига сабр-тоқат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши зарур. 
Ходимлар фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, асоссиз руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. 

12. Хизмат вазифаларини бажариш вақтида ходимларнинг ташқи кўриниши иш шароити ва хизмат тадбири турини инобатга олган ҳолда, аҳолида ички ишлар органларига нисбатан ҳурмат уйғотиши, тоза ва ораста бўлиши зарур. 

13. Ходимларга хизмат пайтида алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланади. 

14. Ходимлар хизматдан ташқари пайтда умумий одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслиги зарур.

3-боб. Бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари

15. Ходим хизмат вазифасини бажариш пайтида бевосита ва тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.
Ходимлар хизмат бўйича бўйсунадиган, шу жумладан вақтинча бўйсунадиган раҳбарлар тўғридан-тўғри бошлиқлар деб ҳисобланади.
Ходимга энг яқин бўлган тўғридан-тўғри раҳбар бевосита бошлиқ ҳисобланади.

16. Бошлиқ ўзи раҳбарлик қилаётган ички ишлар органи бўлинмасида хизмат интизомига риоя этилиши ва тарбиявий ишлар самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

17. Бошлиқ унга бўйсунувчи ходимлар томонидан Уставга амал қилинишига талабчан бўлиши, уларга юксак касбий маҳорат, қонунийлик талаблари ҳамда қасамёдга риоя этиш борасида доимий равишда намуна кўрсатиши, уларни хизмат бурчи ҳиссини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаши, ташаббус, интилиш ва хизматларини рағбатлантириши, шунингдек хизмат интизоми бузилган ҳолатларда жазо қўлланилишини таъминлаши зарур.

18. Буйруқ ва топшириқлар бўйсуниш тартибида берилади. Юқори турувчи бошлиқ зарур ҳолларда ходимга бевосита бошлиғини хабардор қилмасдан буйруқ ёки топшириқ беришга ҳақли. Бундай ҳолларда ходим ўзининг бевосита бошлиғини бундан хабардор қилиши зарур. 

19. Ноқонунийлиги яққол кўриниб турган ва хизмат фаолиятига алоқаси бўлмаган буйруқ ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди. Бошлиқ қўл остидаги ходимлардан уларнинг хизмат бурчи доирасидан чиқувчи топшириқларни бажаришни, шунингдек ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Ходим яққол қонунга зид бўлган (хизмат фаолиятига алоқадор бўлмаган) буйруқ ёки топшириқ олганда зудлик билан юқори турувчи раҳбарият ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига зудлик билан хабар беради.
Ходим юқори турувчи раҳбарият ёки ўз хавфсизлиги бўлинмасига хабар бериш имконияти бўлмаган тақдирда қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда ғайриқонуний буйруқ ва топшириқларни бажаришдан бош тортишга ҳақли, имкон пайдо бўлиши билан уларни хабардор қилиши лозим. 

20. Бошлиқнинг буйруқ ва топшириқлари (яққол қонунга зид бўлганлари бундан мустасно) сўзсиз, аниқ ва ўз вақтида бажарилиши шарт. Буйруқ ва топшириқларни муҳокама этишга, шунингдек уларни танқид қилишга йўл қўйилмайди. 
Ходим буйруқ ёки топшириқнинг бажарилгани тўғрисида буйруқ ёки топшириқ берган бошлиққа, шунингдек, бевосита бошлиғига ахборот беради. 
Буйруқ ёки топшириқни бажариш имконияти бўлмаган тақдирда, ходим зудлик билан бу ҳақда буйруқ ёки топшириқ берган бошлиқни хабардор этиши шарт. 

21. Бошлиқ ходимларни қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, маҳаллийчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим. У ўз хизмат бурчини ўташ пайтида маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик, шунингдек, бошқа салбий омилларнинг намоён этилишига барҳам бериши керак. 

22. Бошлиқ қуйидагиларга мажбур:
манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилиш, ходимлар учун қулай ва муносиб меҳнат шароитларни яратиш ўз вақтида чораларини кўриш;
коррупция ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга чек қўйиш чораларини кўриш;
шахсий таркибни самарали бошқариш, ходимларнинг хизмат фаолиятини холисона баҳолаш;
ўзига топширилган мол-мулк ва молиявий маблағларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;
ходимларнинг индивидуал хусусиятларини ўрганиш, улар билан ўзаро яқин муносабат ўрнатиш, жамоани бирлаштириш, ходимлар томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг сабабини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, хизмат интизоми бузилишига муросасиз муносабатда бўлиш бўйича чораларни кўриш;
ходимларнинг, уларнинг оила аъзоларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат принципларига амал қилиш чораларини кўриш, юқори турувчи раҳбариятга қўл остидаги ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш.

4-боб. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари

23. Ходимларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:
а) миннатдорчилик эълон қилиш;
б) қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш;
в) Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш;
г) идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш;
д) муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш;
е) эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш. 
Шунингдек, рағбатлантириш тариқасида Уставнинг 27-банди «а», «б» ва «в» қисмида, 28-банди «а» ва «б» кичик бандлари билан назарда тутилган муқаддам қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин бекор қилиш мумкин.

24. Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларида мазкур Уставнинг 23-бандида кўзда тутилган рағбатлантириш чораларидан ташқари курсантлар (тингловчилар)га нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари ҳам қўлланилади:
а) таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш;
б) Ҳурмат тахтасига киритиш;
в) курсант (тингловчи)нинг ота-онаси ёки турар жойига миннатдорчилик хати юбориш;
г) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири стипендиясини тайинлаш. 

25. Алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин. 

26. Ойлик иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устама ҳақлари ва ходимларнинг пул таъминотида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантиришга кирмайди. 

27. Ходимларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:
а) танбеҳ;
б) ҳайфсан;
в) қаттиқ ҳайфсан;
г) лавозим маошининг эллик фоиздан кўп бўлмаган миқдорда жарима;
д) махсус унвонини бир поғона пасайтириш;
е) эгаллаб турган лавозимидан озод этиш;
ж) гаупвахтада ҳибсда ушлаб туриш;
з) ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш.

28. Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларида Уставнинг 27-бандида кўзда тутилган интизомий жазо чораларидан ташқари таълим муассасасининг белгиланган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган курсантлар (тингловчилар)га нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилиши мумкин:
а) навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш; 
б) бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;
в) курсантлар (тингловчилар) рўйхатидан ўчириш. 

5-боб. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича бошлиқларнинг ваколатлари

29. Бошлиқлар томонидан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ўзларига берилган ваколатлар доирасида қўлланилади.

30. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари, транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари (бўлимлари), жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари бошлиқлари, минтақавий мувофиқлаштириш марказлари раҳбарлари, бригада ва батальон командирлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
Уставнинг 23-банди «а», «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш; 
Уставнинг 27-банди «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш»;


31. Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ бош бошқармалари ва таълим муассасалари бошлиқлари, шунингдек уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Уставнинг 23-банднинг «а», «б» ва «в» кичик бандларида ҳамда 24-бандида («г» кичик бандидан ташқари) назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш; 
Уставнинг 27-банднинг «а», «б», «в» ва «г» кичик бандларида ҳамда 28-бандида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.

32. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Уставнинг 23, 24, 27 ва 28-бандларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди, шунингдек ходимларни Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларга ва давлат мукофотларига тақдим этади.

33. Ходимни лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқлар унга нисбатан Уставнинг 27-банди «е», «ж» ва «з» кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.

34. Қўл остидаги ходимларига нисбатан ўз ваколатларига кирмайдиган рағбатлантириш чораларини қўллаш зарурияти туғилган ҳолда бошлиқ юқори турувчи раҳбариятга бу тўғрисида илтимоснома киритади.

35. Бошлиқ қўл остидаги ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг ўта жиддийлиги сабабли уни лозим даражада жазолаш учун ўзига берилган ваколатларни етарли эмас деб ҳисобласа, у юқори турувчи раҳбариятга ходимга нисбатан оғирроқ интизомий жазо қўллаш тўғрисида илтимоснома киритади.

36. Интизомий жазо чорасини қўллашда ўз ваколатини оширган ёки Уставда назарда тутилмаган интизомий жазо чорасини қўллаган бошлиқ жавобгарликка тортилади, қўлланилган интизомий жазо эса юқори турувчи раҳбарият томонидан бекор қилинади. 

37. Ходим хизмат сафари ёки даволанишда бўлган вақтда хизмат интизомини бузган тақдирда мазкур хатти-ҳаракатдан хабар топган бошлиқ бу ҳолатни бартараф этиш чораларини кўради ва бу ҳақда ходимнинг хизмат жойига хабар беради. 

6-боб. Рағбатлантириш чораларини қўллаш

38. Рағбатлантириш чоралари алоҳида ходимга нисбатан ҳам, бир гуруҳ ходимларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.
Ходимга нисбатан бир ютуғи учун фақат битта рағбатлантириш чораси қўлланилиши мумкин.
Рағбатлантириш чорасини белгилашда ходимнинг хизмат кўрсаткичлари хусусияти, шунингдек унинг илгари хизматга қандай муносабатда бўлганлиги эътиборга олинади.

39. Уставнинг 27-банди «а», «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо қўлланилган ходим мазкур жазони бекор қилиш орқали рағбатлантирилади. Интизомий жазони бекор қилиш ҳуқуқи уни қўллаган бошлиққа, шунингдек юқори турувчи ваколатли раҳбариятга берилади. 

40. Рағбатлантириш чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:
миннатдорчилик эълон қилиш — юклатилган вазифани, бошлиқнинг буйруғи ёки топшириғини муваффақиятли бажарган ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан;
қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш — ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек захирага (истеъфога) чиқиши муносабати билан ёки мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра;
Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш — ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра ва ўқишни (ўқув йилини) муваффақиятли якунлаганда;
идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш — ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми ва кўп йиллик бенуқсон хизмати, ички ишлар органлари тизимини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшгани, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатгани, шунингдек ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳиссаси қўшгани учун;
муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш ёки эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш — ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми, хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги, жасорати ва фидойилиги, ички ишлар органлари амалий фаолиятига салмоқли илмий ҳисса қўшгани (илмий даражани олганда), хизмат вазифаларини юксак даражада бажаришда намуна бўлгани учун (ички ишлар органларида хизмат ўташ масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ); 
таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш — юклатилган вазифаларни, командирларнинг буйруқ ёки топшириқларини виждонан бажарган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;
Ҳурмат тахтасига киритиш — ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув дастурларини аъло баҳоларга ўзлаштирган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;
ота-онасига ёки турар жойига миннатдорчилик хати юбориш — ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув мавсумини аъло баҳолар билан якунлаган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири стипендиясини тайинлаш — ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув интизомига риоя қилишда намуна бўлган, ўқув йилини аъло баҳолар билан якунлаган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантларига нисбатан.

41. Қўлланилган рағбатлантириш чораси буйруқ билан эълон қилинади. Миннатдорчилик эълон қилиш ва таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш буйруқ орқали ҳам, оғзаки ҳам эълон қилиниши мумкин. 
Рағбатлантирилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган мажлис (йиғилиш)да тантанали тарзда эълон қилинади. 
Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ эълон қилинган вақтда, қоида тариқасида, ходимларга фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға ёки пул мукофотлари, кўкрак нишонлари топширилади.

42. Буйруқ билан эълон қилинган рағбатлантириш чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.
Рағбатлантириш чораларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

7-боб. Интизомий жазо чораларини қўллаш

43. Уставда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.

44. Содир этилган ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо тайинланади.
Хизмат интизоми бир неча ходимлар томонидан бузилганда, интизомий жазо уларнинг ҳар бирига нисбатан алоҳида қўлланилади.
Содир этилганлиги маъмурий жазо тайинлашга олиб келган хатти-ҳаракатлар учун интизомий жазо қўллашга йўл қўйилмайди. 
Интизомий жазо чоралари қўлланган ходимлар, агарда уларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби аломатлари бўлса, улар жиноий жавобгарликдан озод этилмайди.

45. Интизомий жазо чораларининг қўлланилиши асосли бўлиши ва содир этилган ножўя хатти-ҳаракат оғирлиги ҳамда айб даражасига мувофиқ келиши зарур. Интизомий жазо чораларини белгилаш чоғида ножўя хатти-ҳаракат хусусияти, содир этиш ҳолати, унинг оқибатлари, айбдорнинг бунгача бўлган хулқ-атвори, ички ишлар органларида хизмат ўтаган муддати, шунингдек юклатилган хизмат вазифаларини бажаришга бўлган муносабати эътиборга олинади. 
Ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракат унчалик аҳамиятга эга бўлмаса, бошлиқ унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўлламаслиги ва бошқа бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида оғзаки огоҳлантириш бериш билан кифояланиши мумкин. 
Жамоада юзага келган низоли вазиятларни ҳал этиш, ножўя хатти-ҳаракатлар содир этган ходимларга жамоатчилик таъсирини ўтказиш мақсадида ички ишлар органларида сайлов асосида интизомий кенгашлар ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда фаолият кўрсатади. 

46. Интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:
танбеҳ — юклатилган вазифаларни ва бошлиқнинг топшириқларини бажармаган, хизмат кийимини кийиш ва фуқаролар ҳамда ҳамкасблари билан муомала маданияти қоидаларини бузган ходимларга нисбатан;
ҳайфсан — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини, хизмат гувоҳномасидан фойдаланиш қоидаларини бузган, белгиланган кун тартибига мунтазам равишда амал қилмаган ва хизмат мажбуриятларини бажармаган, жамоадаги маънавий-руҳий муҳитга салбий таъсир кўрсатган ходимларга нисбатан;
қаттиқ ҳайфсан — амалдаги «ҳайфсан» интизомий жазоси бўлган ходимларга нисбатан, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини такроран бузгани учун;
лавозим маошининг эллик фоиздан кўп бўлмаган миқдорда жарима — амалдаги интизомий жазоси бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини қўпол равишда бузган, хизмат бурчига масъулиятсиз ёндашган, иш самарадорлиги паст бўлган ходимларга нисбатан;
махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш — амалдаги интизомий жазоси бўлган, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини қўпол равишда бузган, хизматни ўташга лоқайдлик билан муносабатда бўлган, юклатилган хизмат мажбуриятларини бажармаган ходимларга нисбатан;
гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш — интизомий жазонинг қатъий чораси сифатида ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш учун асос бўладиган ножўя хатти-ҳаракатни содир этган ходимларга нисбатан;
ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш — хизмат интизомини қўпол равишда бузган, ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этган, интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузган, қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаган ходимларга нисбатан;
навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш — юклатилган вазифаларни ва командир (бошлиқ)нинг топшириқларини бажармаган, таълим муассасасининг ўрнатилган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;
курсант (тингловчи)лар рўйхатидан ўчириш — Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасалари курсант (тингловчи)ларига нисбатан одоб-ахлоқ қоидаларини, хизмат интизомини бузганлиги, ўқув дастурини ўзлаштира олмаганлиги учун.

47. Амалдаги интизомий жазо бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини қўпол равишда бузган ходимга нисбатан ички ишлар органлари хизматидан бўшатишгача бўлган ҳар қандай интизомий жазо қўлланилиши мумкин.
Қуйидагилар хизмат интизомини қўпол равишда бузиш сирасига киради:
ходимнинг сабабсиз равишда узлуксиз уч кундан ортиқ муддатда хизмат жойида бўлмаслиги;
хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлиш;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бузишга, одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига хавф туғдиришга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш (агар бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлмаса);
махфийлик тартиботи талабларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);
ходимга ишониб топширилган табель қуроли ва унинг ўқларини, мол-мулк ва (ёки) техникаларни қасддан йўқ қилиш, зарарлантириш ёки унинг (уларнинг) йўқолишига олиб келган эҳтиётсизлик билан сақлаш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);
маҳбуснинг ёки қўлга олинган шахснинг қочиб кетишига, пул маблағи ёки товар бойликларини ва ҳужжатларни йўқолишига сабаб бўлган пост ва конвой хизматини ўташ қоидаларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса).
Ходим хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст бўлгани сабабли интизомий жавобгарликка тортиш учун ушбу ҳолатни исботлаш мақсадида тиббий текширув натижаларига, агар ходим текширувдан бош тортса, камида икки ходим ёки бошқа шахслар кўрсатмаларига асосланилади.

48. Одоб-ахлоқ қоидаларини, шунингдек бошлиқ ва ходимлар ўртасидаги муносабат қоидаларини қўпол равишда бузиш ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этиш ҳисобланади.
Жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини очиқдан-очиқ писанд қилмаслик билан боғлиқ бўлмаган оилавий келишмовчиликлар, жанжаллар ва маиший низолар ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат сирасига кирмайди. 

49. Интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузиш деганда буйруқ асосида эълон қилинган амалдаги интизомий жазоси бўлган ҳолда ходим томонидан хизмат интизомини бир неча бор бузиш тушунилади. 

50. Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо қўлланилганда, ходим ушбу ножўя хатти-ҳаракати учун ички ишлар органлари хизматидан бўшатилмайди (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса).
Гауптвахтада ҳибсда сақлаш муддати сафдорлар, сержантлар ва кичик офицерлар таркиби ходимлари учун — 10 суткагача, катта офицерлар таркиби ходимлари учун — 5 суткагача ташкил этади. 
Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо аёлларга нисбатан қўлланилмайди.

51. Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма тушунтириш олиниши лозим. Агар ходим ушбу тушунтиришни беришдан бош тортса, тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилади. 
Тушунтиришни беришдан бош тортиш ҳолати содир этилган қилмиш учун интизомий жазо тайинлашга тўсқинлик қила олмайди ва жазонинг оғирроқ кўриниши ва чораларини қўллашга олиб келмайди. 
Интизомий жазо чораларини қўллаш пайтида бошлиқ ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, у билан муносабатда қўполликка йўл қўймаслиги зарур. 

52. Махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тарзидаги интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, айбдорга бошқа интизомий жазо турлари тегишлича таъсир кўрсатмаган ҳолларда қўлланилади. 

53. Интизомий жазонинг қўлланилиши ходимни ножўя хатти-ҳаракат оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди. 

54. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат бошлиққа маълум бўлган кундан бошлаб бир ой муддат ичида, хизмат текшируви ўтказилганда эса — текширув тугаган кундан бошлаб 10 суткадан кечикмай қўлланилиши керак, бунда айбдорнинг хасталик ва таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмайди.
Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бир йилдан ортиқ муддат ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.

55. Маст ҳолатда бўлган айбдорга нисбатан интизомий жазо қўллаш, шунингдек ундан ҳар қандай тушунтириш олиш ходим ҳушёр ҳолга келгунча кечиктирилади.

56. Қўлланилган интизомий жазо чораси буйруқ билан эълон қилинади. Танбеҳ, ҳайфсан, навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам буйруқ орқали, ҳам оғзаки эълон қилиниши мумкин.
Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо қўллаш ҳақидаги қарор интизомий кенгаш хулосаси, шунингдек ўтказилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган хизмат, комплекс ёки инспекторлик текширувлари асосида қабул қилинади. 
Интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган йиғилиш (мажлис)да эълон қилинади.

57. Амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлган ходим ушбу жазо бекор қилингунга қадар рағбатлантиришга, навбатдаги махсус унвон олишга ва юқори лавозимларга тайинланишга тақдим этилмайди.

58. Шикоят билан арз қилинган ҳолларда тайинланган интизомий жазони ижро этиш тўхтатилмайди.
Ходим интизомий жазо эълон қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида юқори турувчи бошлиққа ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига шикоят билан мурожаат этиши мумкин.

59. Буйруқ асосида тайинланган интизомий жазо тайинланган вақтдан бошлаб бир йил ўтгач бекор қилинади (агар ходим шу муддат ичида янги интизомий жазога тортилмаса). Рағбатлантириш тартибида жазо бир йил ўтмасдан бекор қилиниши мумкин.
Агарда бир йил ичида ходимга нисбатан бир неча интизомий жазо тайинланса, уларни бекор қилиш муддати охирги тайинланган интизомий жазо чораси санаси бўйича ҳисобланади.

60. Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.
Интизомий жазо чораларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

8-боб. Бошлиқнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилиш

61. Ҳар бир ходим бошлиқнинг унга нисбатан ғайриқонуний ёки ноҳақ ҳаракатлари устидан юқори турувчи раҳбарият ёки хизмат жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига ёзма шикоят беришга ҳақли. 

62. Ходимнинг шикоятида баён этилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган юқори турувчи раҳбарият ушбу мурожаатни беш кун муддатда ваколатли идорага юборади.

63. Юқори турувчи раҳбариятга ёки хизмат жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига қонунчиликни бузиш фактлари ёхуд ўзига нисбатан ноҳақ муносабатда бўлинганлиги ҳақида мурожаат этгани учун қўл остидаги ходимни таъқиб этган бошлиқ интизомий тартибда жавобгарликка тортилади (агар унинг хатти-ҳаракатлари жиноий жавобгарликка олиб келмаса).

64. Ходимларнинг шикояти бир ойгача бўлган муддатда ҳал этилади, қўшимча текширув талаб этмайдиганлари эса зудлик билан, бироқ келиб тушган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмаган ҳолда кўриб чиқилади.

65. Қасддан ёлғон шикоят билан мурожаат этган ходимлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Text to speech