18 Декабр 2021 йил 14778

Ички ишлар вазирлиги Академияси бакалавриатининг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш бўйича эълон

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси кундузги таълим шаклида (бундан буён Академия) ўқиш муддати 3 йил бўлиб, битирувчиларга олий маълумот тўғрисидаги диплом ҳамда «лейтенант» махсус унвони берилади.

Академияда “Тергов фаолияти”, “Тезкор-қидирув фаолияти”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “Эксперт-криминалистика фаолияти”, “Жиноий жазоларни ижро этиш”, “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш” ва “Ташкилий-штаб фаолияти” мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ:

Академияга ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Бутлаш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Академияга ёши ўн еттидан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

2022/2023-ўқув йилидан бошлаб, Академияга қабул қилиш умумий тартибда – ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган фуқаролар (ўрта мактаб ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари) орасидан амалга оширилиши бошланди. Бунда, ўқишга қабул қилиш қабул квотасининг ўн фоизи бўйича амалга оширилади.

Қабул квотасининг тўқсон фоизи бўйича қабул фақат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари ва ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек, профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари орасидан амалга оширилади.

4. Академияга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ−3413-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.

ИИВ Академияга ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

дастлабки танлов;

махсус касбий танлов;

якка тартибдаги якуний суҳбат.

Академияга ўқишга кириш учун номзодларнинг аризалари (Академияга ўқишга кириш учун номзод ички ишлар органи ходими бўлган тақдирда, уларнинг билдиргилари) жорий йилнинг 15 ноябридан 2022 йилнинг 15 февралига қадар қабул қилинади. Академияга ўқишга кириш истагини билдирганлар таълим йўналишини кўрсатган ҳолда доимий яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилади.

Дастлабки танлов:

номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаш;

номзоднинг соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқлилигини аниқлаш.

Дастлабки танлов:

фуқаролар ҳамда ИИВ академик лицейлари битирувчилари учун — уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида;

ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун — (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш тадбирлари) уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида ва (тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари) ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида;

ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун — уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда) ўтказилади.

Номзодлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида” 2017 йил
26 сентябрдаги 764-сон қарорига мувофиқ вазирлик ва ички ишлар органларида махсус ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат Академияда ўтказилади.

Махсус касбий танлов:

ҳужжатларни ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

ёзма иш (баён ёки иншо);

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.

Махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилади.

Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади.

Академияга ўқишга кирган номзодлар курсантлар сафига қабул қилинади.

Академияга қабул қилиш бўйича батафсил маълумотлар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 1 декабрдаги 958-сон қарори ҳамда Ички ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига номзодлар танловини ўтказиш бўйича методикаларни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 13 февралдаги 35-сон буйруғида (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 29 мартда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 2987) танишиш мумкин.

Қорақапоғистон Республикаси ИИВ Касбий тайёргарлик бўлими

Text to speech