Навбатдаги ўқув курслари битирув тадбири бўлиб ўтди
Барчамизга яхши маълумки сўнгги йилларда Ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва фуқаролик институтлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини таъминлашнинг мутлақо янги тизими яратилди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 4 декабрдаги Ф–5408-сон “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида Ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари Қорақалпоғистон Республикаси тажрибаси сифатида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ташкил этилиб, 2019-2020 йилларда мазкур ўқув курсларида 1358 нафар ички ишлар органлари ходимлари ўзларининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини оширди.
Ўқув курсларнинг асосий мақсади – ходимларнинг маънавий-ватанпарварлигини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишда Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг узвий ҳамкорлигини ташкил этиш, уларда жамоавийлик, уюшқоқлик ҳамда вазифаларни бажаришда дахлдорлик туйғуларини шакллантириш тизимини такомиллаштиришдир.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан тасдиқланган қўшма ўқув дастурига мувофиқ, ўқув курслари давомийлиги 14 кундан 30 кунга узайтирилди.
Ўқув курсларига жалб этилаётган тингловчилар сони 60 нафарни ташкил этиб, тингловчилар 4 та гуруҳга офицерлар гуруҳи ҳамда сержант-сафдорлар гуруҳлари бўлиниши белгилаб олинди.
Эътиборли жиҳати шундаки, топшириққа мувофиқ, янги таҳрирдаги ўқув дастурларида белгиланган 8 та ўқув фанларидан маъруза машғулотлари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, Малака ошириш институти, Қуролли Кучлар Академияси ҳамда Миллий гвардия ҳарбий-техник институти профессор-ўқитувчилари томонидан видеоконференция тарзида ўтказилди.
2021 йилнинг 27 март куни ушбу курснинг 2021 йилдаги иккинчи битирув тадбири бўлиб ўтди. Унга, Шимолий-Ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник О.Шоимов, , Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник И.Ахмедов иштирок этди. Шуни алоҳида таъкидлаш керак, ўқув йиғинларида жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ходимлар томонидан “ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир қилишга мойил” деб гумон қилинган шахсларни Ички ишлар бўлимларига олиб келиниши, тунги вақтларда кўчаларда мақсадсиз юрган фуқаролар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиши натижасида Нукус шаҳрида умумий жиноятчилик камайишига эришилди. Бундан кўриб турганимиздек, қилинаётган ишлар ўз самарасини бериб бормоқда. Тадбирда ўкув курслари битирувчиларига сертификатлар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати