5 Январ 2022 йил 599

Нукусда куч тузилмалари спорт мусобақаларида беллашди

Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Нукус гарнизонидаги марказий спорт мажмуаси базасида куч тузилмалари вакиллари ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Чегара қўшинлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этган мусобақада жами 8 та жамоа миллий ва оммавий спорт турлари бўйича куч синашди.
Беллашувлар қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлгани, кучли рақобат ва дўстона руҳда ўтказилгани билан аҳамиятли бўлди. Соғлом турмуш тарзини, миллий ва оммавий спорт ўйинларини тарғиб этишга қаратилган мусобақада ҳар бир иштирокчи охирги сонияларга қадар жамоа шаънини ҳимоя қилишга, ғалабага эришишга интилди.
Арқон тортиш беллашувида Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг биринчи ва иккинчи жамоалари шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой олган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 3-ўринни қўлга киритди.
Тош кўтариш баҳсида полвонлар 75, 85, 90 кг.гача ҳамда 90 кг.дан юқори вазнлилар ўртасида куч синашди. Юқори натижалар билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жамоаси        1-ўринни, Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги жамоаси 2-ўринни ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 3-ўринни эгаллади.
Волейбол бўйича мусобақада Ички ишлар вазирлиги жамоаси шоҳсупадан жой олган бўлса, иккинчи поғонага Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кўтарилди. Кучли учликдан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жамоаси жой олди.
Волейбол бўйича Ички ишлар вазирлиги жамоасини мусобақага подполковник С.Сейтов тайёрлади.
Мини футбол бўйича ўтказилган беллашувда ҳам Ички ишлар вазирлиги жамоасининг қўли баланд келиб, ғалабага эришди. Иккинчи ўринни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жамоаси ҳамда учинчи ўринни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўйича бошқармаси жамоаси қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жамоаси шоҳсупанинг 1-поғонасидан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2-поғонадан ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 3-поғонадан жой олди.
Иштирокчиларни тантанали тақдирлаш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари полковник Дилшод Илҳомов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Ислом Ахмедов иштирок этди.
Дўстона руҳда ўтган мусобақа куч тузилмаларининг ҳамкорлигини юксалтиришга ҳисса қўшиши билан аҳамиятли экани сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилди.
Ғолиб ва совриндорлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан кубок, диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech