Сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Барчамизга яхши маълумки сўнгги йилларда, Ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва фуқаролик институтлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини таъминлашнинг мутлақо янги тизими яратилди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 4 декабрдаги Ф–5408-сон “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида Ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари Қорақалпоғистон Республикаси тажрибаси сифатида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ташкил этилган эди.
Ўқув курсларнинг асосий мақсади – ходимларнинг маънавий-ватанпарварлигини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишда Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг узвий ҳамкорлигини ташкил этиш, уларда жамоавийлик, уюшқоқлик ҳамда вазифаларни бажаришда дахлдорлик туйғуларини шакллантириш тизимини такомиллаштиришдир.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан тасдиқланган қўшма ўқув дастурига мувофиқ, ўқув курслари давомийлиги 14 кундан 30 кунга узайтирилди. Ўқув курсларига жалб этилаётган тингловчилар сони 60 нафарни ташкил этиб, тингловчилар 4 та гуруҳга (офицерлар гуруҳи ҳамда сержант-сафдорлар гуруҳлари) бўлиниши белгилаб олинди.
Жорий йилнинг 14 август куни ушбу курснинг навбатдаги битирув тадбири бўлиб ўтди. Унга, Шимолий-Ғарбий ҳарбий округи штаб бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Матупаев, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник И.Ахмедов, вазирнинг маслаҳатчиси истеъфодаги полковник О,Турдақов ва соҳа фахрийлари иштирок этишди. Тадбир давомида, Нукус горнизони фахрий қоравул взводининг кўргазмали саф элементлари билан чиқиши намойиш этилди
Тадбирда ўқув курслари битирувчиларига сертификатлар ва фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати