Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник Бахтияр Торебековлар иштирокида йил якуни – 2024 йил сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
Мазкур йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари
бошлиқлари ҳамда барча шахсий таркиб иштирок этди.
Тадбир аввалида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг
1-ўринбосари полковник Жасур Атаев томонидан 2024 йил
давомида Қорақалпоғистон Республикасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт
олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва
фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида
амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил Ахборот
берилди.
2024 йил давомида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда
ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида соҳавий хизмат
раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳам ҳисоботлари
тингланди.
Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини
бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан тегишли
таъсир чоралари қўлланилди.
Шундан сўнг 2025 йилда – Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчиликнинг
барвақт олдини олишга қаратилган янги лойиҳалар, куч воситалар, моддий-техник
базани яхшилаш бўйича қилинган таклифлар муҳокама қилинди. Ички ишлар
вазирининг ўринбосари билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларга нисбатан ўзининг
тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб,
берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда
ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича топшириқлар берди.
Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва
қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматга ва халқига
садоқатли бўлиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Вазир ўринбосари, юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий
шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда
устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш
зарурлигини билдирди.
2025 йилда Қорақалпоғистон Республикасида ички ишлар органлари томонидан
амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий
тадбирлар режаси ва йўл хариталарини яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқиб,
ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога
қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш якунида 2024 йил давомида хизматдошларига шахсий намуна кўрсатиб
юқори кўрсатгичларга эришган, маъмурий ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни
барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларда самарали меҳнат қилган,
содир этилган жиноятларни аниқлаш ва иссиқ изида фош этиш борасида юқори
натижаларга эришган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг
ота-оналари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг фахрий
ёрлиғи ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати