ПРОБАЦИЯ ГУРУҲИ НАЗОРАТИДАГИ 5 НАФАР ШАХС МУДДАТИДАН ОЛДИН ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида маҳкумларни ахлоқан тузатиш ва ижтимоий мослаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Пробация хизмати ташкил этилиб, 2019 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган эди. Ушбу Қарор ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, туманимизда ҳам ички ишлар органлари Пробация гуруҳи назорати остидаги озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ўқишга ва ишга жойлаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, энг асосийси, шахсни тарбиялаш кабилар борасида самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 11 декабрь санасида туман Ички ишлар бўлимининг мажлислар залида ўтказилган йиғилишда ҳам туман ИИБ Пробация гуруҳи назоратидаги шахсларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, бандлигини таъминлаш ва улар томонидан қайта жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш бўйича масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, мазкур йиғилишда туман ИИБ Пробация гуруҳи томонидан келтирилган 5 та тақдимномаларни кўриб чиқилди.
Йиғилишда жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов, туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаев, туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Машарипов, туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи ходимлари ҳамда Пробация гуруҳи назорати остидаги шахслар иштирок этишди.
Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала – Пробация гуруҳи назоратида турган шахсларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, бандлигини таъминлаш, касб-корга йўналтириш, қайта жиноят йўлига киришларининг олдини олиш юзасидан жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов атрофлича тўхталиб ўтди. У ўз сўзида Пробация гуруҳи назоратида турган шахсларга суд ҳукми талабларига амал қилишлари шартлигини қайта жиноятга қўл урмасликларини, мамлакатимизда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррарлигини, қонунни менсимаслик шахсни жазодан озод этмаслигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 15- ва 73-моддалари мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунчалар берди.
Йиғилиш кун тартибидаги ушбу масала юзасидан туман Прокурори Жавлонбек Муфтуллаев, туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Машариповлар ҳам сўзга чиқишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг, назоратда турган шахсларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – Пробация гуруҳи томонидан келтирилган 5 та тақдимномалар бўйича ишлар очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Сайёр суд мажлиси жараёнида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм этилган 3 нафар ҳамда озодликни чеклаш жазоларига ҳукм қилинган 2 нафар шахслар ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганликлари, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганликлари сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан ўталмаган жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар.
“Пробация” – бу синов, дегани. Демак, Пробация гуруҳи назоратида турган шахслар ушбу назорат, яъни синов даврида ўзини яхши хулқ-атворли, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш орқали намоён этса, одил суд ҳамиша ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилади ва одил ҳукм чиқаради.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Пробация бўлими