Фармоннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Жорий йилнинг 3 апрель куни, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида мажлислар залида, вазирликнинг ташкилий бошқармаси юридик таъминлаш бўлими ходимлари томонидан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 мартдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган машғулот бўлиб ўтди. Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тизим фаолиятини такомиллаштириш мақсадида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали механизмлари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Машғулотда, мазкур фармонда белгиланган устувор йўналишларга эътибор қаратилди. Унга кўра, эндиликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида бевосита жойларнинг ўзида ҳал этилади. Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш имконини берувчи “Smart маҳалла» ахборот дастури ишга туширилади. Мазкур ахборот дастурини жорий йил якунига қадар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ишга тушириш режалаштирилган.
Машғулот давомида, мазкур фармон слайдларда намойиш этилди.
Шунингдек ушбу фармонинг мазмун-моҳияти бўйича машғулотлар вазирликнинг барча соҳавий хизматлари, бошқарма ва бўлимларида бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати.