ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ КАСБ БАЙРАМИ НИШОНЛАНДИ
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали мажис бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан фахрий унвон ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган эди. Республика раҳбари мазкур фахрий унвонлар ва кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини такомиллаштиришнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Сўнгги 5 йил давомида Ички ишлар органларининг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди, жиноятчиликнинг олдини олишда янгича тизим яратилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилаётган турар жойга муҳтож 155 ходимга узоқ муддатли, имтиёзли кредит асосида турар жой қуриб берилди ва ўз эгаларига топширилди. Бугунги кунда 363 профилактика инспектори хизмат уйлари, 276 профилактика инспектори «Матиз» автомашинаси билан таъминланди.
Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимлар Президентимиз фармони билан Мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ўттиз йиллиги муносабати билан мукофотланган эди. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳам бор. Жумладан, Нукус тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Салават Казбеков «Мардлик» ордени, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси Бахадир Узақбаев «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан 3 нафар ходим «Аъло хизматлари учун», 26 нафар ходим I, II, III-даражали «Бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишони, 3 нафар ходим Фахрий ёрлиқ, 4 нафар ходим эсдалик қўл соати, 176 нафар ходим ва 24 нафар фахрий «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчиларига республикамиз санъат усталари ва вазирликнинг «Арал жулдызлары» ансамбли аъзолари ижросидаги байрам концерти намойиш этилди.Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Бундан ташқари, Нукус шаҳрининг файзли масканларининг бирига байрам дастурхони ташкил этилиб унга ишки ишлар органлари ходимлари, фахрийлари ва хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари таклиф этилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги