МАСОФАВИЙ ЎҚУВ КУРСИ БОШЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари томонидан жорий йилнинг 10 апрель куни тасдиқланган қўшма қарорга мувофиқ, ички ишлар органлари тизимидаги профилактика инспекторлари “шаҳар инспектори” ва “қишлоқ инспектори” моделлари асосида икки босқичда базавий касбий ҳамда чуқурлаштирилган масофавий ўқув курсида таҳсил олиши белгиланган.
Ўқув курсининг мақсади – профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти бўйича ҳуқуқий ва касбий тайёргарлигини ошириш, уларнинг психологик ва маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантиришдан иборат.
Ўқув курсида масофавий машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ҳамда Судьялар олий кенгаши таркибидаги олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилиши белгиланган.
Ўқув курсида профилактика инспекторларига Вазирлик Малака ошириш институтининг масофавий таълим платформасида дастлаб кириш тестини топшириш, мавзуларни куннинг исталган пайтида “online” ёки “offline” режимида тўлиқ ўзлаштириш ҳамда мавзуларга доир тестларни, шунингдек, ўқув курси сўнгида якуний тестни юқори кўрсаткичлар билан топшириш вазифалари юклатилган.
Шу муносабат билан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари подполковник О.Турдыбаев, Вазирлик Малака ошириш институти ҳудудий филиали раҳбари юридик фанлари бўйича фалсафа доктори подполковник С.Алламбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник А.Бекимбетов ҳамда профилактика инспекторлари томонидан ўқув курсида юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш бўйича бириктирилган соҳавий хизмат раҳбарлари иштирокида ўқув курси олди йўриқномаси ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати