14 Сентябр 2021 йил 850

Мурожаатлар билан ишлаш масаласида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2021 йилга мўлжалланган фаолият дастурига мувофиқ ички ишлар органлари ходимларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида, Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарга, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясидан С.Мамадиев, Ўзбекистон Республикаси ИИВ мурожаатлар билан ишлаш бошқармасидан подполковник Ш.Абдумуратов, ва подполковник Ш.Қуйчиевлар, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Б.Ражапов, ички ишлар органларининг мурожаатлар билан ишлашга масъул бўлган ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси ходимлари иштирок этишди.
Семинар-тренинг давомида, Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасига тушаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар ҳақида алоҳида тўхталиб, уларни ҳал этиш жараёнида учраб турган айрим камчиликлар ҳамда бартараф этиш йўллари ҳақида фикр алмашинилди.
Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишларидаги мурожаатлар таҳлил этилиб, такрорий мурожаатларни камайтириш, ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор қаратиш ва масъулият билан ёндашиш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар берилди.
Семинар-тренингда мурожаатлар билан ишлаш бўйича мавжуд муоаммолар юзасидан ходимлар фикр ва саволлар билан иштирок этишди.


Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech