1 Март 2021 йил 2755

НУКУСДА «ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ» ОЧИЛДИ

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Нукус «ТЕМУРБЕКЛАР мактаби» ҳарбий-академик лицейининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Б.Мирзарахимов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов ва қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг вакиллари, ҳарбийлар, шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВнинг ўринбосари, полковник И.Ахмедов раҳбариятга очилиш маросимига тайёргарлик ҳолати ҳақида ҳисобот бериб, бундан кейин бинони тантанали очиш учун рамзий лентаси кесилди. Шунингдек, келган меҳмонлар ҳарбий-академик лицейда ўқувчиларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий соҳаларга кадрлар тайёрлашга ихтисослашган махсус мактабларни ташкил этиш ишлари йўлга қўйилган. Шундай мактаблардан бири «ТЕМУРБЕКЛАР мактаби» ҳарбий-академик лицейи бўлиб ҳисобланади.
Мазкур лицей Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июнь кунидаги «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори асосида ташкил этилиб, айни кунда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида принципиал янги «ТЕМУРБЕКЛАР мактаби» ҳарбий-академик лицейлари тузилган. Академик лицейда асосий эътибор ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун зарур бўлган юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмаларга эга ақлан ва жисмонан етук этиб тарбиялашга ва Олий ҳарбий таълим муассасаларига киришлари учун мақсадли чуқур тайёрлашга қаратилган.Академик лицейга умумтаълим муассасаларининг 9-синфини тамомлаганлиги тўғрисида шаҳодатномага эга бўлган номзодлар ўқишга қабул қилиниб, 2 йил давомида умумтаълим фанлар, чуқурлаштирилган фанлар ва касбий фанларни ўқитилади.
Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, Нукус “ТЕМУРБЕКЛАР мактаби” ҳарбий академик лицейи таълим муассасасининг қурилиш таъмирлаш ишлари учун 30 млрд. га яқин маблағ ажратилиб, қурилиш таъмирлаш ишлари “Ўй-жой қурилиш” МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан олиб борилди.
– Жорий 2020/2021 ўқув йили учун “ТЕМУРБЕКЛАР мактаби” ҳарбий академик лицейига ўқувчилари уч босқични ичига оладиган танлов асосида қабул қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мудофаа ишлари бўйича бошқармалари томонидан ўтказилган  дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган жами 416 нафар номзодлар якуний тест синовларига юборилди. Улар орасидан юқори балл тўплаган 100 нафари ўқувчилар сафига қабул қилинди–дейди лицей директори И.Торемуратов. –Айни кунда ўқувчиларига 22 нафар махсус танловлардан сараланган тажрибали фан ўқутувчилари таълим-тарбия бериб келмоқда.
Бу ерда ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш учун ўқув ва лаборатория хоналари, компьютер синфи, ахборот-ресурс маркази, электрон кутубхона, саф майдони, кичик футбол майдони ҳамда спорт зал тўлиқ жиҳозланган. Шунингдек, ўқув жараёни тўлиқ казарма шаклида бўлиб, 200 ўринга мўлжалланган ётоқхонада ўқувчиларга муносиб шарт-шароитлар яратилиб берилган. Ўқувчиларга кунига 4 маҳал бепул озиқ-овқат билан таъминланиши назарда тутилган.
Тадбир давомида жорий йилда ўқишга қабул қилинган ўқувчилар томонидан тантанали ваъда қабул қилиниб, сўнг келган меҳмонлар ўқиш биносининг очилиш муносабати билан табрик сўзларини билдиришди. Шунингдек, бундан кейин сўзга чиққан ўқувчи ва ота-оналар ўз чиқишларида ёшлар учун яратиб берилаётган шароитлардан мамнунлигини, ундан унумли фойдаланган ҳолда ҳарбий касб сирларини теран ўрганиб Она Ватанга садоқат билан хизмат қилишини таъкидладилар.
Бундан ташқари, тадбирга йиғилганларга ички ишлар ва ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилиб, тадбир таниқли хонандаларнинг рангба-ранг концерт дастури билан давом этди.

 

Азамат ПИРНИЯЗОВ

“POSTDA” мухбири

Text to speech