Назарий билимлар амалиётда мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3216-сон қарори ҳамда Ички ишлар вазирининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Ички ишлар вазирлиги Академияси курсант ва тингловчиларининг ички ишлар органларида амалиётларини ташкил этиш тўғрисида”ги 312-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ИИВ Академияси кундузги таълим 2-ўқув курсида таҳсил олаётган 35 нафар курсантлар Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органларида 24 кун давомида амалиётни ўтаб олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашди. Жорий йилнинг 11 июль куни Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида амалиётни тугатган курсантларни тақдирлаш ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 1-ўқув курсида таҳсил олаётган курсантларни устозларга бириктириш бўйича ўтказилган тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник И.Ахмедов, ИИВ Академиясидан келган масъул майор Б. Артиков, соҳавий хизматлардан бириктирилган мураббийлар ҳамда амалиётга келган курсантлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Тадбир давомида амалиёт давомида ўзларини яхши томонлама кўрсатиб бошқаларга намуна бўлган бир гуруҳ 2-ўқув курсида таҳсил олаётган курсантларга Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 1-ўқув курсида таҳсил олаётган курсантлар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг тажрибали ходимларига шогирт сифатида бириктирилди. Амалиётни ўташ даврида, курсантларнинг эгаллаган назарий билимларини мустаҳкамлаш, ўрнатилган кун тартиби ва хизмат интизомига қатъий риоя қилиш ҳамда малакавий амалиётни тўғри ташкил этиш бўйича йўриқномалар берилди. Йиғилиш якунида ота-оналар ва курсантлар томонидан берилган саволларга вазирлик раҳбарияти томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати