Профилактика инспекторига пора таклиф қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктларининг профилактика инспектори капитан Қ.Эрназаровга Қўнғирот туманида яшовчи фуқаро К.А содир этган ҳуқуқбузарлиги бўйича ўзига нисбатан тўпланаётган ҳужжатларни судга юбормасдан бости-бости қилиш эвазига 2 миллион сўм пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан профилактика инспектори капитан Қ.Эрназаров Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилган.
Мазкур билдиргига асос жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бўлими, Қўнғирот тумани махсус прокуратураси, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Қўнғирот тумани бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида профилактика инспектори капитан Қ.Эрназаровнинг хизмат хонасида фуқаро К.А. пора тариқасида таклиф қилган 2 миллион сўм пулларнинг 1.250 000 сўм пулларини берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Қонликўл тумани бўлими томонидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати