Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл ва Шуманай туманлари ички ишлар бўлимларида йиғилиш бўлиб ўтди.
Ички ишлар органлари шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликка риоя этилишини таъминлаш мавзусида бўлиб ўтган йиғилишга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, бўлим ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ходимларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини назорат қилиш, психологик хизмат сифатини ошириш юзасидан фикрлар билдирилди. Худди шундай, фаолларни рағбатлантириш, интизомни бузганларга тегишли тартибда чора кўриш масалаларини айтиб ўтишди.
Йиғилиш давомида таъмагирлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суъистимол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик, бундай ҳолатлар юз берганда кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, учрашув давомида ички ишлар органларидаги хизмати давомида яхши натижаларга эришиб келаётган ходимларининг ота-оналарига, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
Бундай тадбирлар вазирликнинг соҳавий хизматлари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларида давом этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати