28 Ноябр 2021 йил 487

СОҲАВИЙ ХИЗМАТ РАҲБАРЛАРИНИНГ КАСБИЙ БИЛИМЛАРИ ОШИРИЛДИ

Маълумки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш,фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш вазифалари давлат ва нодавлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳам асосий вазифаси ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу вазифаларни самарали амалга оширишда аввало, тизимдаги раҳбар ходимларнинг касбий, ахборот-ҳуқуқий билимларини узлуксиз ошириб боришни тақозо этади.
Шу муносабат билан, Ички ишлар вазирининг 2021 йил 20 ноябрдаги «Ички ишлар органларининг раҳбар ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида»ги 247-сонли фармойишига мувофиқ, Вазирлик Малака ошириш институтининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан Институтнинг ҳудудий филиалида жорий йилнинг 22-26 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ҳамда Тергов хизматининг раҳбар ходимлари, шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг биринчи ва тергов йўналиши бўйича ўринбосарларининг касбий, ахборот-ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича мобиль-сайёр малака ошириш ўқув курси ташкил этилди.
Ўқув курсининг асосий мақсади – соҳавий хизмат раҳбарларига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишда ҳудуддаги тезкор ва криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, прогнозлаш ва баҳолашнинг замонавий усулларини ўргатиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларини чуқур ўрганиш, мавжуд куч ва воситаларни тўғри тақсимлаш ва замонавий усуллардан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, хизмат фаолиятига оид ислоҳотлар ва янгиликлар, юридик ва махсус-касбий тайёргарлик бўйича билимларини оширишдан иборат.
Ўқув курсида машғулотлар тасдиқланган ўқув дастури асосида Институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали ўтказилди. Ўқув машғулотларида тингловчилар томонидан қонун ҳужжатлари ва амалиёт жараёнлари билан боғлиқ бўлган барча саволларига Институт профессор-ўқитувчилари томонидан атрофлича жавоб берилди.
Ўқув курси сўнгида, тингловчилардан якуний имтиҳон қабул қилиниб, ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шу билан бирга, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Вазирликнинг Қорақалпоқ академик лицейи ўқитувчи ва ўқувчилари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа ходимларига қўйилган асосий вазифалар ва талаблар, шунингдек, Малака ошириш институти фаолияти ва унинг мақомига доир маълумотлар етказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech