Байрам тадбири бўлиб ўтди
Нукус шахридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 25-октябрь Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги раҳбар ва ходимлари, фахрийлар ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган фидойи ўғлонларнинг оила аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбоев тинч, осуда ҳаётимиз қўриқчилари, ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг ишончли ҳимоячиларини касб байрамлари билан самимий табриклади. Мустақиллик йиллари барча соҳалар қатори ички ишлар органлари ҳам ғоят масъулиятли ва айни пайтда шарафли йўлни босиб ўтгани ҳақида атрофлича фикр юритди. Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан айниқса, кейинги йилларда ички ишлар органларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, тамомила янги тизим яратилди. Натижада замонавий моддий-техник воситалар билан таъминланган соҳанинг юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга ходимлари том маънода халқ манфаатлари учун хизмат қилиб, тинчлик ва осойишталигимизни таъминлаётган эътиборга сазовор. Байрам тадбирида бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари муносиб тақдирланди. Тадбир вазирликнинг «Орол юлдузлари» ансамбли ва санъаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати.