27 Декабр 2024 йил 2607

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Хўжайли тумани худудида яшовчи 5 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди

Маълумки, фуқароликсизликни қисқартириш ва ушбу ҳолатни келиб чиқишига йўл қўймаслик мажбурияти халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принципларидан бири ҳисобланади. Республикамизда доимий яшаб келаётган шахсларда фуқароликнинг йўқлиги, ижтимоий муаммолар манбаси бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам фуқаросизликни қисқартириш асосий принципларидан бири ҳисобланади. Фуқаросизликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январьдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида фуқаролик масалаларига тегишли қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда деб айтиб ўтган эди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Хусусан, айни шу йўналишда мавжуд миллий қонунчилигимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу борадаги амалий ишлар изчил давом эттирилаётгани эса, янада эътиборлидир. Янги қонунга қатор моддалар қўшилиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар фуқароларимизнинг, хусусан, мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва янада самарали ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан муҳимдир. Энг муҳим жиҳатларидан бири, мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тан олиш институти жорий этилди. Яъни, мамлакатимиз ҳудудига 1995 йил 1 январга кадар доимий яшаш учун келган шахсларнинг фуқаролигини тан олиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган ҳамюртларимизга фуқаролик берилиши учун асос бўлди. Бундай фуқаролар Хўжайли тумани ҳудудида 145 нафарни ташкил этади. Ушбу шахсларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020-йил 29-декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида фуқаролик масалларига тегишли қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунига қўшимча ва ўзгаришлар киритилди. Бунда киритилган ўзгариш ва қўшимчалар асосий мақсади мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли саналади. Аҳамиятли томонларидан бири Қонуннинг 6-моддасининг 1-қисми яъни мамлакатимиз ҳудудига 2005 йил 1 январьгача доимий яшаш жойи бўйича ҳисобга турган ва чет эл фуқаролигини қабул қилмаган шахс истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади деб белгиланган. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш бўйича ариза билан мурожаат килгунга қадар Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган ва шу давр ичида чет эл фуқаролигини қабул қилмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олинади деб кўрсатилган. Шунингдек Қонуннинг 19-моддаси бўйича Ўзбекистон Республикасида туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилгунга қадар ўн беш йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олган кундан бошлаб) яшаш шарти бекор қилинди. Бу дегани Ўзбекистонда туғилиб, Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномасини қачон олишидан қатъий назар Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш бўйича илтимоснома билан мурожаат қиллиши мумкинлиги белгиланган. Бундан ташқари, туғилган жойи ва ота-онасининг фуқаролиги бўйича фарзандларини фуқароликка қабул қилиш тартиби белгиланиб, фуқаролик соҳасида бола ҳуқуқлари  мустаҳкамланди. Бунга мисол қилиб Қонуннинг 6-моддаси 3-қисми бўйича, ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола ўз истагини билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши белгиланган. Қонунда белгиланган қўшимча ва ўзгаришлар бўйича Хўжайли туманида 110 дан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳужжатлари қабул қилиниб ҳозирда бу шахсларга идентификация ID-карталари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 2024 йил 05 декабрь кунги  Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Хўжайли тумани ҳудудида яшовчи 5 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси  фуқаролиги берилди

Text to speech