7 Август 2020 йил 1324

Янги тайинланган профилактика инспекторларининг ҳуқуқий билимлари оширилмоқда.

Ҳозирги кунда юртимизда коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш олиб борилаётган бир вақтда вазирлик раҳбарияти томонидан карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2020 йил 22 июль кунидаги “Ички ишлар органларининг профилактика инспектори лавозимларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган ходимларни махсус касбий тайёрлаш тўғрисида”ги фармойиши талаблари асосида вазирлик Малака ошириш институти томонидан профилактика инспектори лавозимларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган ходимларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқий билим ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида масофадан ўқитиш ўқув курслари ўтказилиши белгиланган.
Масофадан ўқитиш ўқув курслари жорий йилнинг 10 август кунидан 10 октябрь кунига қадар, ходимларнинг ўз хизмат жойларида, хизматдан ажралмаган ҳолда ташкил этилиб, ўқув машғулотлари якуни бўйича сертификатлар берилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 7 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник И.Б.Ахмедов раҳбарлигида масофадан ўқитиш ўқув курслари олдидан ходимларга ўқув машғулотларининг мазмун-моҳияти, ўқиш тартиб-қоидаларини ходимларга етказиш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қорақалпоқ Академик лицейи директори ўринбосари подполковник С.Алламбергенов, вазирликнинг кадрлар бошқармаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг масъул ходимлари ҳамда янги тайинланган профилактика инспекторлари иштирок этишди. Йиғилиш давомида ходимларга ўқув курсларига ўз муддатида иштирок этиб, ўқув дастури асосидаги мавзуларни тўлиқ ўзлаштириб боришлари, хизмат ва ижрочилик интизомига қатъий риоя қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, Президентимиз, Ҳукуматимиз ва вазирлик раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ички ишлар органларини халқчил тизимга айлантиришда ўз ҳиссаларни қўшишлари бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида ҳар бир ходимга масофадан ўқитиш ўқув курсларида онлайн ва офлайн тарзда иштирок этишлари учун логин-пароллар тарқатилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech