Кибержиноятларга қарши биргаликда курашамиз!
Қорақалпоғистон Республикасида 1
июльдан 31 июль кунига қадар “Кибермаданиятни юксалтириш” тарғибот
ойлиги ўтказилмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони 4-иловаси 30-банди ижроси юзасидан ташкил этилаётган ойликни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари белгилаб олинган. Жумладан, ойлик доирасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи, кибержиноятлардан огоҳликка чорловчи “Энг фаол маҳалла”, “Энг яхши миллий контент” сингари ўн уч турдаги тарғибот танлови, “STOP! Cybercrime” номли огоҳликка чақирувчи оммабоп челленжлар ва кибербуллингдан ҳимояланиш, киберомантиканинг салбий оқибатлари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш каби ўнта тарғибот тадбири ўтказиш режалаштирилган. Танлов ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.Бу ҳақда Нукус шаҳрида жойлашган “Қорақалпоқ давлат университети” биносида “STOP Cybercrime” мавзуга бағишланган тарғибот тадбирида маълум қилинди. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим ўқув юртлари масъуллари иштирокида ташкил этилган тадбирда масъул идоралар ва жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди. Мамлакатимизда содир этилаётган кибержиноятлар кўп ҳолларда банк пластик карталари билан боғлиқ бўлиб, бу орқали фуқароларга моддий зарар етказилмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда энг самарали йўллардан бири – фуқароларда “кибергигиена”ни шакллантириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган. Ҳозирги кунда кибержиноятларнинг 40 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг тури кундан-кунга ортиб бормоқда. телеграм тармоғи орқали “Click хавфсизлик хизматиданмиз”, “Сизга ютуқ чиқди”, “Катта миқдорда пул ютиб олдингиз”, “Акция иштирокчисига айландингиз”, “Трейдинг орқали пулларингизни кўпайтириб берамиз”, “Чет элга ишга юборамиз” ва бошқа ёлғон, сохта хабарлар билан содда фуқароларни чув туширмоқда.
Мазкур тадбирда, “Кибермаданиятни
юксалтириш” ойлигини давомида олий таълим ўқув юртлари талабалари билан
биргаликда самарали ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.