Мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Мажлисни, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник А.Темирханов очди ва олиб борди. Унда таъкидланганидек, Президент Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 12 февраль куни бўлиб ўтган Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида соҳага оид бир қатор топшириқлар берди. Шундан келиб чиққан ҳолда 1-7 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал–лейтенант П.Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчилик ва унинг барвақт олдини олиш, ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш юзасидан секторларда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилиб, бир қатор соҳа ходимларидан фаолиятига янада қулай имконият яратиш мақсадида планшет, компьютер ва хизмат автомашиналари топширилди.
Шунингдек, ушбу ўрганишлар натижасига кўра Ўзбекистон Ички ишлар вазири томонидан жорий йил 14 апрель кунги бўйруғига асос жойлардаги хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётганлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир қатор ходимлар рағбатлантирилган эди.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун”, кўкрак нишони, “Фахрий ёрлиғи”, “Эсдалик қўл соати” ва пул мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида, тизимда коррупция жиноятларининг содир бўлишининг олдини олиб ўзларига нисбатан пора тариқасида маълум миқдорда пул таклиф қилаётган ҳолат юзасидан ўз вақтида вазирлик раҳбариятига билдирги билан маълум қилиб, ўзига юклатилган вазифаларини сидқидилдан бажариб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда фидокорона хизмат қилиб, ички ишлар органи ходими деган юксак номга лойиқ ҳаракат қилганлиги учун Хўжайли тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант А. Қунназаров ва Тахиатош тумани ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги гуруҳи давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати катта инспектори капитан А.Бекбосыновларга Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ бўйруқлари билан пул мукофотлари уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бундан ташқари 2021 йил 6-10 апрель кунларида Наманган шаҳрида спортнинг муайтай тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси таркибида иштирок этиб фахрли 1-ўринни эгаллаб, юқори натижаларга эришганлиги учун Вазирликнинг Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходими сержант Баймуратов Онгар Аяпберген ўғли пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник А.Темирханов рағбатлантирилган ходимларнинг келгуси хизмат фаолиятларида янада масъулият билан ёндашиб бундан ҳам юқори мукофотларга сазовор бўлишларини тилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати