Нукусда аскарлар тавсиянома олиш учун тест топширмоқда
7261 cонли ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисм қўмондонлигининг ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномасини олиш учун тест синовларини топширди.
Ёшларни ҳарбий хизматга ҳамда ҳарбий касбга қизиқтириш, уларни рағбатлантириш ҳамда ҳарбий хизмат нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликлар бўйича юксак натижаларга эришган, зарур билим-савияга эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган йигитлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тест синовларида иштирок этди. Улардан юқори балл тўплаган энг муносибларга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча имтиёзга эга тавсиянома берилиши белгиланган.
Тавсияномага эга бўлган аскарлар республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга, республиканинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан мазкур тест синовларида адолат тамойилларига асосланган ҳолда шаффофликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган аудиторияда кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, улар орқали реал вақт мезони шаклида кўрсатилаётган видеотасвирларнинг барчаси тизимга ёзиб сақланади.