25 Сентябр 2024 йил 2672

Қонундаги янгиликларни ўрганамиз ва татбиқ этамиз

Республикамизда ўқотар қуроллар, унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ жараёнларни тартибга солиш, пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласини олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, бунга оид айрим масалалар қонуний ечимини топмай келаётганди. Ўқотар қуроллар ҳамда пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи олдини олиш механизмларини такомиллаштириш борасида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга доир конституциявий тамойилларини таъминлаш шулардан бири эди. Қонунчиликдаги мазкур кемтикларни бартараф этиш мақсадида, жорий йилнинг 27 август куни «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220 прим. 1-моддасига қўшимча киритиш ҳақида» ҳамда 28 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилинди. Унда шахс ўз эгалигида бўлган ноқонуний пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш ва ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда тегишли идораларга топширган тақдирда, маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши қонунан мустаҳкамланди. Шунингдек, мазкур кодекснинг 185-прим. 1-моддасининг янги таҳририга мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга зид равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, республика ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш, ўтказиш ҳолатларида қонунбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятлари ва даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Алоҳида эътибор бериладиган жиҳати – Маъмурий жавобгарлик  тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига киритилган қўшимчаларга асосан, ички ишлар идоралари томонидан ушбу кодекснинг 185 прим.1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатларда, ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика катта инспекторлари ва инспекторларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати берилди.

 

Text to speech