Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 7 май куни куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар билан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор А.Икрамовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёшлар иттифоқи Етакчилар кенгаши раиси, капитан Ю.Юсупов вазирликнинг бошқарма, мустақил бўлим ва бўлинмаларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ҳамда фахрийлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари А.Икрамов, Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь кунидаги Олий Мажлисга мурожаатномасида 2021 йилга “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланишининг ўзи ёшларга эътиборни давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолат беришини шунингдек, ҳозирги кунда, Ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар давомида ёш ходимларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, уларнинг қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантириш, улар орасидан билимли, ҳалол ва жонкуяр ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш амалиёти жорий қилиниши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида ёш ходимлар раҳбарлик лавозимларига тайинланганлигини айтиб ўтди. Вазир ўринбосари ички ишлар органларида ёш ходимлар билан ишлашда мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳада ёш ходимларга қаратилаётган эътиборни янада кучайтириш, шунингдек, учрашувда ёшлар томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан қатор топшириқ ва вазифаларни белгилаб берди.
Қорақалпоғистон Республикаси ёш ходимлари томонидан жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида илгари сурилган инновацион ташаббусларни амалиётга жорий этиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов сўзга чиқиб бугунги кунда ёшларга қаратилаётган эътибор уларни қўллаб қувватлаш юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Тадбирда, ёшлар вазирлик раҳбариятига ўзларининг таклифлари билан фаол иштирок этишди.
Учрашув давомида, эл-юрт осойишталигини таъминлаш ва ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги самарали меҳнатлари ҳамда ички ишлар органлари ёш ходимларига намуна бўлиб келаётганлиги учун бир гуруҳ ёш ходимларга ва уларнинг ота-оналари вазирликнинг ташаккурномалари ва совғалар топширилди.
Шунингдек шу куни вазир ўринбосари Нукус шаҳар, Тахиатош ва Нукус тумани ИИБларида бўлиб, жойларда маънавий-маърифий тадбирлар, кадрлар билан ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб чиқди ҳамда ходимларининг билимларини юксалтириш, уларни спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш ва китобхонликка йўналтириш орқали касбий салоҳиятини ошириш юзасидан топшириқлар берди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати.