20 Март 2021 йил 794

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Н.Таўмуратовнинг 90 йиллигига бағишланиб тадбир бўлиб ўтди.

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзларининг умри давомида қилган ижобий ишлари туфайли бошқаларга ҳам намуна бўлади. Албатта, бу каби фидойилар ёш авлодни тарбиялашда ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларни матонат билан енгиб ўтиб, касбга садоқат тимсолини намоён этади.Ана шундай эътирофга лойиқ инсонлардан бири истеъфодаги подполковник Науризбой ота Таўмуратов шу йилнинг 21 март куни табаррук 90 ёшни қарши олмоқда. 
Жорий йилнинг 20 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Н.Таўмуратовнинг 90 йиллигига бағишланиб тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Фахрийлар кенгаши раисининг ўринбосари истеъфодаги полковник Ғ.Юлдашев, кенгаш аъзоси истеъфодаги подполковник Ш.Камалов Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник А.Темирханов ва ўнинг ўринбосарлари, фахрийлар, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қорақалпоқ академик лицейи, “Темурбеклар” ҳарбий академик лицейи ўқувчилари ва ходимлар иштирок этишди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири сўзга чиқиб, фахрий устоз Н.Таўмуратовнинг ички ишлар органларида жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борган хизмат йўли келажак авлодга ўрнак бўладиган фазилатлари ҳақида айтиб ўтди.
Бугунги кунга қадар, Н.Таўмуратов муаллифлигида 1992 йили “Инсонларни ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан” номли биринчи китоб, 1996 – 1997 йилларда эса шу номдаги иккинчи ва учинчи китоблари, 2003 йили “Органы внутренних дел Республики Каракалпакстан в годы независимости” китоби ҳамда 2011 йилда “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари тарихи” китоби, 2016 йилда “Амударёнинг чап соҳилидаги қорақалпоқ туманларида милиция органларининг тузилиши” номли китоблар чоп этилган. 
Айни кунда Наӯризбой ота ҚР ИИВ Ветеранлар Кенгаши раиси ва 1975 йил 9 май куни ташкил этилган вазирликнинг “Шухрат” музейининг раҳбари бўлиб фаолият олиб бормоқда. Мазкур китобларни нашрдан чиқариш ва музейни экспонатлар билан бойитиш мақсадида кўп изланди. Хусусан, Москва, Олма-ота, Тошкент ва Нукус шаҳарларида жойлашган кутубхоналар, музейлар ва архивлардан тарихий асосга эга материаллар тўплаган. Олиб борган ўрганишлари натижасида 1999 йилнинг 25 июль куни “Қорақалпоқ миллий давлатчилигини тиклаш даврида милиция органларининг тарихи (1917-1936 йиллар)” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ва тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Фахрийлар кенгаши раисининг ўринбосари истеъфодаги Ғ.Юлдашев сўзга чиқиб, бугунги кунда ички ишлар органларида фахрий ходимларга нисбатан қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида айтиб Н.Таўмуратовни 90 ёши билан табриклади. Тадбир давомида, Н.Таўмуратовга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг Қарори билан ”Ардақлы нураный” ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбир давомида бир гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилиб истеъфода бўлган бир гуруҳ фахрийларга вазирликнинг совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати.

Text to speech