Секторлар фаолиятини яхшилаш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов жорий йил 1-6 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, ички ишлар органларининг фаолияти билан яқиндан танишди. Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан республиканинг барча туман-шаҳар 3-секторлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, айниқса эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ёрдамлар атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда секторлар фаолиятида қатор камчиликлар мавжудлиги,“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, дафтарларга киритилган ёшлар ва аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш, секторларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Шу сабабли жорий йилнинг 13 апрель куни, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси Секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи подполковник Ж.Шарипов ташаббуси билан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида туман (шаҳар) ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган 3-сектор котиблари иштирокида семинар-машғулот ўтказилди.
Семинар-машғулотда секторлар фаолиятини ташкил этишда мавжуд муаммолар, йўл қуйилаётган камчиликлар атрофлича кўрсатиб ўтилди.
Семинар иштирокчиларига секторларда ишларни маҳаллабой ташкил этиш, дафтарга ҳисобга олинган фуқароларни хатловдан ўтказиш, меҳнатга лаёҳатли ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларга ёрдамлар кўрсатиш, ёшларга ер ажратишда секторлар олдида турган вазифалар бўйича тушунтиришлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати