«Соғлом авлод учун» шиори остида 3000 метр масофага югуриш ва веломарафон мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 30 октябрьдаги ПФ-6099-сонли фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 4 июнь кунидаги 2/2-818-сонли кўрсатмаси талабларига мувофиқ, Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, воркоут спортининг устувор турлари этиб белгиланганлиги ҳамда ҳафтада камида бир маротаба раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланиши, оммавий спорт мусобақаларини байрамона руҳда ва шоу кўринишида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Шу муносабат билан, Ички ишлар органларида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида жорий йилнинг 18 июнь куни спортнинг 3000 метр масофага югуриш бўйича марафон ҳамда веломарафон мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур мусобақани ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Спортни ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича жорий йилнинг 7 июнь куни 3/8-511-сонли хатлар юборилди. Мусобақага вазирликнинг барча соҳавий хизматлари, шаҳар ва туман ички Ички ишлар бўлимларидан жами 1117 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари фаол иштирок етишиб, мусобақа байрамона руҳда ташкил этилди. Веломарафон мусобақасига соат 18:30да, 3000 метр масофага югуриш бўйича марафонга соат 19:00да Нукус шаҳри А.Досназаров кўчасидан Ислом Каримов гузари бўйлаб старт берилди. Спортчиларга марафон давомида қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳар 1000 метрга ичимлик сувлари ташкил этилди.
Финишда спортчиларни вазирлик раҳбарияти, ташриф буюрган меҳмонлар, уларнинг оила аъзолари оркестр садолари остида тантанали равишда кутиб олишди. Якунда веломарафон мусобақасида фахрли 3-ўринни Б.Карамбаев, 2-ўринни М.Боранбаев, 1-ўринни С.Арысланбаевлар эгаллади.
3000 метр масофага югуриш бўйича марафон мусобақасида Қўнғирот тумани ички ишлар бўлими жамоаси фахрли 3-ўринни, Мўйноқ тумани ички ишлар бўлими жамоаси фахрли 2-ўринни ва Тахтакўпир тумани ички ишлар бўлими жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллашди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник А.Т.Орынбаев, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник И.Ш.Анваров, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши қўмита раиси Д.Қурбаниязов, вазир ўринбосари полковник И.Б.Ахмедовлар сўзга чиқиб, «Соғлом авлод учун» шиори остида ташкил этилган мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларига келгуси ишларида омад тилаб, спорт билан шуғулланишни турмуш тарзининг бир бўлагига айлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Мусобақа ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва концерт дастури билан якунланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати