Қўнғирот туманида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 02 апрель куни, Қўнғирот туманида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник М.Т.Рахматуллаев, туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.И.Торебеков, туман ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўйича ўринбосари О.Р.Ембергеновлар иштирокида, барча маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари билан учрашилиб, 19 та жиноят ошган маҳаллалар муҳокама этилди ва ишларни маҳаллабай ташкил этиш тўғрисида тегишли чоралар белгиланди. Йиғилиш қатнашчиларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6196-сонли Фармонининг мазмун моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, туманда энг кўп жиноят қайд этилган “Алмазар” МФЙга бориб, у ерда маҳалла раиси ва фаоллари билан учрашиб, жиноятларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилди ва ушбу маъмурий ҳудудда хизмат олиб борувчи профилактика инспектори фаолияти билан танишиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, вазир ўринбосари М.Т.Рахматуллаев туман ИИБга бориб, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 16 июнь кунидаги 102-сонли фармойиши билан ташкил қилинган “сўровхона”ни кўздан кечириб, унинг фаолияти билан танишди ҳамда ИИБга олиб келинган барча шахслар билан фақатгина сўровхонада терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш ва тегишли процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан топшириқлар берди. Кейин туман ИИБ раҳбарияти, тергов бўлинмаси ва ЖҚБ тезкор вакиллари иштирокида очилмай турган жиноятлар муҳокама қилиниб, ушбу жиноятларни ҳамкорликда очиш ва жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов бошқармаси