Ўзбекистон Республикаси ИИВ Нукус «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва Давлат герби қабул қилинган куни ҳамда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири полковник А.Темирханов, вазир ўринбосари полковник И.Ахмедов, вазир маслаҳатчиси истеъфодаги полковник О.Турдақов, Нукус ҳарбий прокурори ёрдамчиси адлия капитани Ш.Ходжиев, лицей ҳарбий хизматчилари, ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Унда сўзга чиққанлар томонидан, Конституция халқимиз иродасини ўзида ифода этиб, мамлакатимиз мустақиллиги, ҳуқуқ ва эркинликларимиз, бурч ва мажбуриятларимизнинг қонуний асоси, мустаҳкам кафолати эканлигини, унинг ҳар бир моддасида миллий ва умуминсоний қадриятлар, халқимиз манфаатлари акс этганлигини айтиб ўтишди. Шунингдек, Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги улкан меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бораётганлиги, юртимиз ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратилаётганлиги таъкидланди.
Тадбир давомида лицей ўқувчилари ўртасида “Амир Темур даври билимдони” танлови ўтказилиб, ҳакимлар томонидан баҳоланди ва ғолиблар аниқланиб муносиб тақдирланди. Шунингдек, ўқувчи ёшларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда, жамоат ишларида фаол иштирок этиб келаётган ўқувчи ёшлар, ўқитувчи ва мураббийларга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ва совғалар топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати
.