31 Июл 2021 йил 1744

102 автоматлаштирилган рўйхатга олиш маркази очилди

Жорий йилнинг 31 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида 102 рўйхатга олиш маркази очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов, Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси З.Реймова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор А.Икрамов, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори Ф.Алламбергенов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, полковник М.Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник А.Давлетов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов, ички ишлар вазирлиги тизимидаги раҳбар ва ходимлар иштирок этди.
Тадбирда, сўзга чиққанлар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳар қандай жиноят ва қонунбузарликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Жумладан, ички ишлар органларининг фаолиятини такомиллаштириш, тизимда замонавий техника ва технологияларни жорий қилиш, халқчил ва очиқ, мобил ва ихчам тузилмаларни шакллантириш, соҳа ходимларининг маънавий қиёфаси, жамиятимиздаги обрў-эътиборини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳада марказлашган 102 автоматлаштирилган ахборот тизимининг йўлга қуйилиши ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, мазкур марказ аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва қонунбузарликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларни янги, юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.
102 тизими марказлашган тизим бўлиб, фуқароларнинг мурожаатларини, воқеа ҳодисалар ҳақидаги қўнғироқларини қабул қилади ҳамда бунга тезкорлик билан муносабат билдиради. Тизимнинг фаолияти учун энг сўнгги инновацион техника ва технологиялар жорий қилиниб, бунда алоқа воситаларидан тортиб, ҳудудларни назорат қилиш учун махсус кузатув камераларигача мана чу жойда назоратга олинади.102 тизимига навбатчи операторлар бириктирилган бўлиб, аҳоли мурожаатларини куну-тун қабул қилиб, уларга муносиб тарзда жавоб қайтаришади. Ушбу тизим орқали республикамиз ҳудудида криминоген вазиятларни барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларга тезкорлик билан муносабат билдиришда қулай тизим ҳисобланади.
Тадбирда ушбу тизимнинг фаолияти билан яқиндан таништирилиб, унинг қулайликлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати.

Text to speech