22 Март 2025 йил 1192

Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз! шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Наврўз байрами тадбири ўтказилди.

Халқимиз ҳар йили орзиқиб кутадиган шарқ халқларининг янги йил боши бўлган Наврўз бу йил ҳам она диёримизга қутлуғ қадам қўйди. Табиат янгиланишининг рамзи, янги кун элчиси бўлган улуснинг улуғ куни Республикамизнинг барча ҳудудларида кенг тарзда нишонланиб, байрам томошалари, халқ сайиллари давом этмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоаси ҳам Наврўз умумхалқ байрамини кўтаринки руҳда нишонлади. "Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!" шиори остида ташкил этилган байрам тадбирида Республикамизга машҳур хонандалар ва вазирликнинг Орол юлдузлари ансамбли томонидан байрамга бағишланган концерт дастури, миллийликни акс эттирувчи саҳналаштирилган байрам томошалари намойиш этилиб, тадбир иштирокчиларига алоҳида завқ бағишлади. Наврўз байрами миллий спорт ўйинларини ўзида мужассам этгани билан ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, байрам тадбири давомида миллий кураш, тош кўтариш ва арқон тортиш каби миллий спорт турларидан мусобақалар ташкил этилди. Дарҳақиқат, Наврўз - халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва бебаҳо қадриятларини ўзида мужассам этган тинчлик, осойишталик ва фаровонлик байрамидир. У юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар учун бирдек севимли ва энг қадрли байрамлардан биридир. Шунинг учун ҳам халқимиз "Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!" деб бир-бирига эзгу тилак билдиради.

Text to speech