“Қалқон” гуруҳлари ҳамкорлиги: ёшларни маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Қорақалпоғистон тиббиёт институти ўртасида ёшлар тарбияси, уларнинг ҳуқуқий онги ва дунёқарашини янада юксалтириш мақсадида муҳим қадам ташланди. Мазкур икки олий таълим муассасасининг "Қалқон" гуруҳлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тадбирда икки олий таълим муассасасининг профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчилари ва "Қалқон" гуруҳлари аъзолари иштирок этди. Учрашувда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларни турли салбий оқимлардан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик орқали тажриба алмашишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Меморандумни тузишдан асосий мақсад - икки олий таълим муассасасида фаолият юритаётган "Қалқон" гуруҳлари аъзолари ўртасида яқин алоқаларни мустаҳкамлаш, профилактика соҳасида тажриба орттириш ва уни амалиётда қўллашдир. Шунингдек, меморандум ёшлар ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий билимларини кенгайтириш йўлида янги имкониятлар эшигини очади. Тадбир якунида томонлар ўзаро фикр алмашиб, келгусида мунтазам равишда қўшма тадбирлар, давра суҳбатлари ва маърифий учрашувлар ташкил этиш, ёшлар ўртасида профилактик тарғибот ишларини кучайтиришга келишиб олдилар. Ушбу меморандум нафақат икки олий ўқув юртининг "Қалқон" гуруҳлари учун, балки бутун талаба-ёшлар учун ҳам амалий аҳамиятга эга бўлиб, улар ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳамкорлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.