"Хавфсиз ва соғлом эл" тезкор профилактик тадбирининг 2-босқичи доирасида "Тонг" тезкор тадбири ўтказилди.
2025 йилнинг 5 август куни Мўйноқ тумани
Ички ишлар бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати Мўйноқ тумани бўлими ходимлари билан
ҳамкорликда "Хавфсиз ва соғлом эл" тезкор профилактик тадбирининг 2-босқичи
доирасида "Тонг" тезкор тадбири ўтказилди. Унда гумонланувчи ҳисобланган туман ҳудудида яшовчи 3 нафар шахснинг хўжалиги кўздан кечирилди. Мўйноқ тумани ҳудудида яшовчи 1991 йилда туғилган шахснинг уйидан 1 дона 16 калибрли, 2 стволли ов қуроллари, 4 дона 16 калибрли жанговар патронлари, 45 дона 16 калибрли гильзалар ва 120 грамм "Сунар" порохини ноқонуний равишда яширинча олиб келинаётганлиги аниқланди. Ушбу ашёлар холис гувоҳлар иштирокида текшириб кўриш учун ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинди.
Шунингдек, 1974 йилда туғилган Мўйноқ туманида яшовчи шахснинг уйи кўздан кечирилганда унинг хонадонидан 50 гр Сунар порох, 100 гр питра, 15 дона кортеж, 22 дона 16 калибрли гильза, 1 дона патрон ўқловчи ускуна қонунга хилоф равишда сақлаб келинаётганлиги аниқланиб, бу буюмлар тегишли тартибда холис гувоҳлар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинди.
Тезкор тадбир давомида Мўйноқ туманида яшовчи 1972 йилда туғилган фуқаронинг уйида ҳам қурол ўқлари, Сунар порох ва патрон ўқловчи ускуна, шунингдек 5 дона нашри номаълум бўлган диний мазмундаги китоблар ва 440 литр солярка ёқилғиси қонунга хилоф равишда сақланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу ашёлар холис гувоҳлар иштирокида текшириб кўриш учун ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича Мўйноқ Ички ишлар бўлими Тергов гуруҳи томонидан ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.