Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг раҳбарлигида афв этилган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтди.
Президентимизнинг "Жазо
муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда тузалиш
йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонига асосан,
488 нафар шахс жазо муддатларидан илгари афв этилди. Улар қаторида
Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи 8 нафар шахс ҳам бор. Ушбу шахсларни
ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг фойдали меҳнат билан шуғулланишлари,
соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш
учун бир қатор профилактик ишлар ташкил этилиб турибди. Жорий йилнинг 15 апрель
куни Вазирлар Кенгашининг мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси
Ички ишлар вазири полковник Б.Торебековлар раҳбарлигида афв этилган фуқаролар
билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда афв этилиб келган фуқароларнинг муаммолари
тингланиб, суҳбат давомида аниқланган муаммолар бўйича тегишли масъул муассаса
раҳбарларига топшириқлар берилди. Уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, бир марталик
моддий ёрдам пулларини олишда ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида кичик
бизнесни йўлга қўйиш бўйича ижтимоий ёрдам пакетларини ажратишда дуч келган ҳар
қандай муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича тегишли соҳа мутахассисларига топшириқлар
берилди.
Қорақалпоғистон
Республикаси ИИВ Ахборот хизмати