Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан меҳнат муносабатлари соҳасида юзага келаётган низоларни ҳуқуқий асосда ҳал этиш, суд амалиётидаги ягона ёндашувни шакллантириш ҳамда давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида амалий ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда тегишли вазирликлар, давлат ташкилотлари, ички ишлар органлари ва судьялар иштирок этди. Таъкидланганидек, ўқув-семинарнинг асосий мақсади — амалий суд тажрибаси асосида меҳнат низоларини тўғри ҳал этишда масъул ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, янги Меҳнат кодексида белгиланган нормаларнинг тўғри қўлланилишини таъминлаш ва давлат хизматчилари ҳамда ходимлар ўртасида ҳуқуқий онгни оширишдан иборат бўлди. Семинар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тартиби”, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги Низомнинг аҳамияти” мавзуларида маърузалар қилинди. Шунингдек, меҳнат шартномаларини бекор қилишдаги ҳуқуқий талаблар, суд амалиётидаги ишга тиклаш ҳолатлари, ички ишлар органларида хизмат кўрсатиш билан боғлиқ меҳнат муносабатлари, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг амалий механизмлари каби долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.Тадбир якунида иштирокчилар меҳнат муносабатлари соҳасидаги янгиликларнинг амалиётга татбиқ этилиши бўйича фикр алмашишди. Суд амалиётини такомиллаштириш, ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги низоларнинг олдини олиш ҳамда бундай семинарларни тизимли равишда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.